Шольц Украинадан бўлаётган танқидларга жавоб қайтарди

Олам

image

Германия Украинага керакли ҳарбий ёрдамни кўрсатиб келмоқда. Бу ҳақда ГФР канцлери Олаф Шольц “Münchner Merkur” газетасига берган интервьюсида айтиб ўтди.

“Бу мамлакатда улар айтган кўп нарса ҳақиқатга тўғри келмайди. Айримлар эса масаланинг мураккаблигини етарлича баҳоламаяпти”, дейди у.

Канцлер агар Германия энг илғор қурол тизимлари, масалан, гаубица ёки зенит тизимларини етказиб берса, аскарлар улардан фойдаланишга яхши ўргатилган бўлиши кераклигини, акс ҳолда бу қуроллар самарасиз бўлишини, бундан ташқари, бундай тизимларга ўқ-дорилар кераклигини қўшимча қилган.

Шольцнинг таъкидлашича, ҳарбий техникани дилерлик дўконларида машиналар каби сотиб олиш мумкин деб ўйлаган ҳар бир киши жуда адашади.

“Танқидга чидашим кераклигини тушунаман. Аммо мен ўзимни мувозанатли йўналишдан қайтаришга йўл қўймайман”, дея хулоса қилди канцлер.

Қайд этиш керакки, Украинадаги турли амалдорлар Германияни қурол етказиб беришни ҳаддан ташқари чўзиб юборишда айблади. Президент Зеленский Давосдаги форумда чиқиш қилиб, Украинага у сўраётган барча қуроллар кераклигини таъкидлади.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

12

Рейтинг

2.8

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг