Шимолий Кореянинг урушдаги иштироки Путиннинг умидсизлигидан далолат беради – НАТО
Олам
−
28 Октябрь
4093Россиянинг Украинага қарши урушида 600 мингдан ортиқ россиялик аскар ҳалок бўлди ёки яраланди, Шимолий Корея аскарларининг фронтга жўнатилиши эса Россия Президенти Владимир Путиннинг умидсизлигидан далолатдир. Бу ҳақда бугун, 28 октябрь куни Брюсселда бўлиб ўтган матбуот анжуманида НАТО Бош котиби Марк Рютте сўз очди.
Рютте Шимолий Корея қўшинлари Россияга, шунингдек, уларнинг алоҳида бўлинмаларининг Курск вилоятига ўтказилишини тасдиқлади. У Шимолий Кореяни Украинага қарши урушда иштирок этишдан тийилишга чақирди.
“Шимолий Корея ҳарбийларининг Россиянинг Украинага бостириб киришида иштирок этиши Ҳинд-Тинч океани минтақасида ҳам, Евро-Атлантика маконида ҳам хавфсизликка таҳдиддир. Бу ҳаракатлар Корея ярим оролидаги тинчликка путур етказади ва Россиянинг Украинага қарши урушини қўллаб-қувватлайди”, деди Марк Рютте.
НАТО Бош котибининг сўзларига кўра, Шимолий Корея қўшинларининг Россияга ўтказилиши Украинадаги урушнинг сезиларли даражада авж олганини англатади. У Москва ва Пхеньянни бу ҳаракатларни зудлик билан тўхтатишга чақирди.
“НАТО вазият ривожини диққат билан кузатиб боради ва альянс доирасида Украина ва Ҳинд-Тинч океани минтақасидаги ҳамкорлари билан бу масалада фаол маслаҳатлашмоқда”, дея қўшимча қилди у.
Шимолий кореялик аскарларнинг Россияга юборилгани ҳақидаги хабарлар
Охирги ҳафталарда Шимолий Корея ҳарбийларининг Россиянинг Украинага қарши урушида иштирок этиши мумкинлиги ҳақида хабарлар пайдо бўлди.
Жанубий Корея разведкаси маълумотларига кўра, Россия Федерациясининг Узоқ Шарқ минтақаларида аллақачон Шимолий Корея махсус кучларининг 1500 нафар аскари бор ва КХДР Россияга жами 10 мингга яқин ҳарбий хизматчи жўнатиши мумкин. Тахминларга кўра, бир ойлик машғулотлардан сўнг бу аскарлар фронтга жўнатилади.
“Кремль уларга Шимолий Корея фуқароларини Россиянинг шарқий ҳудудлари аҳолиси сифатида кўрсатиб, сохта ҳужжатлар тақдим этишни режалаштирмоқда”, дейилади Жанубий Корея разведкаси ҳужжатларида.
Аввалроқ НАТО Шимолий Корея қўшинлари Россияга ўтказилганини тасдиқлаган, Шимолий Корея расмийлари эса Украинага аскар жўнатишини инкор этган. Россия Президенти Владимир Путин билвосита Шимолий Корея аскарлари Россия Федерациясида ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш учун тайёргарликдан ўтаётганини тасдиқлади.
Журналистнинг Ғарб разведка хизматлари томонидан олинган сунъий йўлдош суратлари ҳақидаги саволига жавоб берар экан, Путин шундай деди:
“Агар тасвирлар бўлса, бу ниманидир акс эттиради”.
Украина Президенти Владимир Зеленский Шимолий Корея аскарлари 27-28 октябрь кунлари фронтга жойлаштирилиши мумкинлигини айтди.
Европа Иттифоқи Пхеньянни Украинага қарши урушда иштирок этишдан огоҳлантирди.
Айни пайтда, Фридрих Науман жамғармаси маълумотларига кўра, Россия Федерациясининг Украинага қарши кенг кўламли уруши бошланганидан бери КХДР Москвага 1,7 миллиард доллардан 5,5 миллиард долларгача бўлган қурол-яроғларни топширган.
“Агар Шимолий Корея қўшинлари Украинага қарши урушда қатнашса, Пхеньяннинг Россия билан ҳарбий ҳамкорликдан олган даромади юзлаб миллион долларга ошиши мумкин”, дея қайд этади нашр.
LiveБарчаси