Шимолий Корея Украинадаги урушга аскар юборганини рад этди
Олам
−
22 Октябрь
3473Шимолий Корея ўз аскарларини Украинага қарши урушда қатнашиш учун Россияга жўнатгани ҳақидаги хабарларни рад этиб, бундай маълумотни “асоссиз миш-мишлар” деб атади. Бу ҳақда кеча, 21 октябрь куни Нью-Йоркда БМТ Бош ассамблеяси ишчи гуруҳи йиғилишида Шимолий Кореянинг доимий вакили Ким Сонг маълум қилди.
“Жанубий Корея томонидан қўйилган айбловлар КХДР обрўсига ҳамда икки суверен давлат ўртасидаги қонуний ва дўстона муносабатларга путур етказишга қаратилган”, дейди у.
Дипломат ўз мамлакатининг Россия билан Украинага қуролли босқинидан кейин мустаҳкамланган муносабатларини назарда тутган. Россия ҳам Шимолий Корея аскарларини Россия Федерацияси томонидаги жангларда қатнашиш учун Украинага юбориш ҳақидаги хабарларни тасдиқламади.
Жанубий Корея Ташқи ишлар вазирлигига чақирилган Россиянинг Сеулдаги элчиси Россия Федерацияси ва КХДР ўртасидаги ҳамкорлик Жанубий Кореянинг хавфсизлик манфаатларига зид эмаслигини таъкидлади.
НАТО ҳам, АҚШ ҳам Шимолий Корея аскарларини Россияга юбориш ҳақидаги маълумотни тасдиқламади, бироқ бундай қадам можаронинг хавфли кучайишини англатишидан огоҳлантирди.
“Биз КХДР ўз қўшинларини юборгани ва Шимолий Корея аскарларини Россия томонидаги жангларда қатнашиш учун Украинага юборишга тайёрлиги ҳақидаги хабарларни кўрдик. Агар тасдиқланса, бу жиддий ташвишнинг хавфли ривожланиши бўлади”, деди АҚШнинг БМТдаги доимий вакили Кевин Вуд.
Жанубий Корея разведкаси 18 сентябрь куни Россияга 1500 нафар Шимолий Корея аскари юборилгани ҳақида хабар бериб, бу аскарлар айни пайтда Россиянинг Узоқ Шарқида Украинадаги фронтга бориш учун тайёргарликдан ўтаётганини қўшимча қилди.
Жанубий Кореянинг “Yonhap” ахборот агентлиги разведка маълумотларига таяниб, аввалроқ КХДР Украинага жами 12 минг аскардан иборат тўртта бригадани, жумладан, махсус кучлар аскарларини жўнатмоқчи эканини хабар қилган эди. Украина Президенти Владимир Зеленский ҳам Брюсселдаги Евроиттифоқ саммити чоғида шу ҳақда гапирди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Германиянинг “Bild” нашри Жанубий Корея разведкасига таяниб, Шимолий Корея дунёдаги энг шафқатсиз бўлинмаларидан бири сифатида ҳисобланувчи Корея Халқ армиясининг Ғарбий округ махсус бўлинмаси жангчиларини Украинадаги урушга юборганини хабар қилганди. “Newsweek” журнали эса Жанубий Корея ҳукумати ва ҳарбийлари Украинага шахсий таркибни, жумладан Шимолий Кореяга қаратилган разведка ходимлари ва Шимолий Корея тактикаси бўйича мутахассисларни “жўнатиш режасини кўриб чиқаётгани”ни ёзди.