КХДР Украинадаги урушга 12 минг аскар юбормоқда – разведка
Олам
−
18 Октябрь
6097Шимолий Корея Россиянинг Украинадаги урушида қатнашиш учун 12 000 аскарни юбораётган бўлиши мумкин. Бу ҳақда Жанубий Корея разведкасига таяниб, CNN хабар берди.
Жанубий Корея разведкаси КХДРнинг Россияга ёрдам бериш учун Украина урушига қўшилаётгани ҳақидаги маълумотларни ошкор қилган. Унга кўра, Шимолий Корея аллақачон 12 минг аскарни тўрт бригадага бўлган ҳолда юборяпти. Бу маълумотлар Шимолий Корея ва Ғарб ўртасидаги зиддиятни янада кучайтириши мумкин.
Агар ушбу хабарлар тасдиқланса, бу Шимолий Кореянинг биринчи катта хорижий урушда иштироки бўлади. Ўз ўрнида, мамлакат дунёдаги энг катта ҳарбий кучлардан бирига эга бўлиб, 1,2 миллион аскари бор, лекин уларда жанговар тажриба мавжуд эмас.
Нашрнинг ёзишича, кўплаб мутахассислар Шимолий Корея аскарларининг Россияга қандайдир фойда келтира олишига шубҳа билдирмоқда, чунки уларнинг ҳарбий техникаси эскирган ва жанговар тажрибаси кам.
Хабарлар фонида Жанубий Корея Президенти Юн Сок Ёль бугун, 18 октябрь куни шошилинч йиғилиш ўтказгани ҳақида баёнот берган. Йиғилишда Шимолий Корея аскарларининг Украинага юборилиши Жанубий Корея ва халқаро ҳамжамият учун жиддий хавфсизлик таҳдиди сифатида баҳоланган.
Бироқ Россия КХДР аскарларидан фойдаланаётганини рад этган, хусусан, Кремль воизи Дмитрий Песков буни “яна бир фейк хабар” деб атаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина билан урушда Россия томонидан хизмат қилаётган шимолий кореялик 18 ҳарбий Брянск ва Курск вилоятлари чегарасидаги позицияларни ташлаб қочиб кетгани хабар қилинган эди.
LiveБарчаси