Шимолий Корея Россияга миллиардлаб долларлик қурол етказиб берди
Олам
−
28 Октябрь
6754Шимолий Корея қуролларини Россияга етказиб бериш ҳажми миллиардлаб долларни ташкил этади. Бу ҳақда бугун, 28 октябрь куни Германиянинг Фридрих Науман фонди хабар берди.
“Россия Федерациясининг Украинага қарши кенг кўламли уруши бошланганидан бери КХДР Москвага 1,7 миллиард доллардан 5,5 миллиард долларгача бўлган қурол-яроғларни ўтказди”, дейилади фонднинг ўз тадқиқотлари натижаларига асосланиб эълон қилган хабарида.
Қайд этилишича, агар Шимолий Корея қўшинлари Украинага қарши урушда қатнашса, Пхеньяннинг Россия билан ҳарбий ҳамкорликдан олган даромади юзлаб миллион долларга ошиши мумкин. Шимолий Кореянинг Россияга қурол етказиб бериш ҳажмини аниқ баҳолаш мумкин эмас, чунки Пхеньян расмийлари қурол экспорти бўйича маълумотларни эълон қилмайди.
Шимолий Кореянинг денгиз орқали етказиб берилишини кузатиш пайтида олинган сунъий йўлдош тасвирларига таянган Жанубий Корея разведка хизматлари ҳисоботларига кўра, Пхеньян Россияни асосан артиллерия снарядлари ва қисқа масофали ракеталар билан таъминлайди.
“Украинадаги уруш Шарқий Осиёдаги хавфсизлик вазиятини ёмонлаштирди. Россия ва Шимолий Корея халқаро тартибни беқарорлаштиришга ҳаракат қилмоқда”, деди Фридрих Науман жамғармасининг Жанубий Корея бўлими раҳбари Фредерик Споҳр.
Жанубий Кореянинг Ханкук чет тиллар университети ходими Элена Ҳусейнова бошчилигидаги “Путиннинг ҳамкори” деб номланган тадқиқотда разведка ҳисоботлари, ошкор қилинган махфий ҳужжатлар ва Шимолий Кореянинг аввалроқ қурол-яроғ савдосидан тушган ўқ-дорилар нархи ўрганилган.
Жанубий Корея Марказий банкининг ҳисоб-китобларига кўра, Шимолий Кореянинг 2023 йил учун умумий ялпи ички маҳсулоти 23 миллиард долларга айлантирилган.
Эслатиб ўтамиз, охирги ҳафталарда Шимолий Корея ҳарбийларининг Россиянинг Украинага қарши урушида иштирок этиши мумкинлиги ҳақида хабарлар пайдо бўлди. НАТО Шимолий Корея қўшинлари Россияга топширилганини тасдиқлади. Пхеньян Украинага аскар юборганини рад этмоқда. Россия Президенти Владимир Путин КХДРдан Россияга мумкин бўлган ҳарбий ёрдам ҳақидаги саволга жавоб берар экан, у аввалроқ икки давлат раҳбарлари томонидан имзоланган ҳар томонлама стратегик шериклик шартномаси билан тартибга солинганини айтди.
Жасмина Расулова
LiveБарчаси
Тошкент шаҳрининг бош режаси тасдиқланди.
26 Декабрь