“Сарой жавоҳири” сериалидаги Тангем украиналикларга 100 миллион вон хайрия қилди
Олам
−
02 Март 2022
15734Кеча, 1 март куни “Сарой жавоҳири” сериалидаги Тангем образи билан кўпчиликка қадрдон бўлиб қолган кореялик машҳур актриса Ли Ёнг Э Украина халқига ёрдам бериш учун 100 миллион вон (ҳозирги курс бўйича 83 минг АҚШ доллари) хайрия қилди. Бу ҳақда у ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди.
Номинал қиймати 100 миллион бўлган жуда катта шахсий хайрия чекига актриса самимий ёзилган мактубни ҳам илова қилган. Унда қуйидагилар айтилади:
“Ҳурматли украиналиклар, менинг исмим Ли Ёнг Э, Жанубий Кореялик актрисаман. Мен уруш фахрийси оиласида ўсганман ва шунинг учун ҳарбий можаролар даҳшатини бошқаларга қараганда яхшироқ ҳис қиламан.
Мен бутун қалбим билан Украинадаги уруш тугашини ва тинчлик ўрнатилишини тилайман, барча украиналикларнинг хавфсизлиги ва фаровонлиги учун ибодат қиламан. Тинчлик ва эркинликни севадиган Украина фуқароларидан умид ҳамда жасоратни йўқотмасликларини сўрайман!
Озод Кореянинг кўплаб тинчликсевар фуқаролари номидан сизларга ўзимнинг азиз қалбимдан бир парча юбормоқчиман. Худо сизни асрасин”, дейилади мактубда.
Эслатиб ўтамиз, Корея Республикаси ҳукумати Украинага фавқулодда гуманитар ёрдам сифатида 10 миллион доллар ажратган ва келажакда қўшимча ёрдам кўрсатишга тайёр. Бундан ташқари, ҳукумат Кореядаги барча украиналикларга ўз ватанларидаги вазият барқарорлашгунча мамлакатда қолишига рухсат берган. Айни вақтда 4 мингга яқин украиналик қочқин Кореяда жон сақлаяпти.
Россиянинг Украинага босқини
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ ва Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси