Россиянинг Украинага ҳужуми қачонгача давом этиши айтилди
Олам
−
29 Июнь 2022
20086Россиянинг Украинадаги ҳарбий амалиёти Донбассни ўққа тутиш тўхтамагунча ва Украина ҳудудидан таҳдид тўхтагунча давом этади. Бу ҳақда кеча, 28 июнь куни Россиянинг БМТдаги доимий вакилининг биринчи ўринбосари Дмитрий Полянский жаҳон ташкилоти Хавфсизлик кенгаши йиғилишида сўзлаган нутқида айтиб ўтди.
“Биз Донбассни Украина томонидан ўққа тутилишини тўхтатиш, Ғарб давлатлари, шунингдек, унинг миллатчи раҳбарияти таклифи билан Россияга қарши ҳудудга айланган бу давлатдан Россия ва Украинанинг жануби ва жануби-шарқидаги аҳолиси учун таҳдидни йўқотиш учун махсус ҳарбий операцияни бошладик. Бу мақсадларга эришилгунга қадар бизнинг операциямиз давом этади”, деган дипломат.
Шунингдек, Москва вакили Ғарб давлатларига ҳам мурожаат қилиб, уларни Зеленский ҳокимиятини қўлламасликка чақирган.
“Сизлар [Ғарб давлатлари] қурол етказиб бериш орқали ўз аҳолисини қурбон қилишга тайёр бўлган жиноятчи Киев режимининг азобини узайтирасиз. Буни қанчалик тез англасангиз, Украина раҳбарияти музокаралар столига шиорлар ва хаёлий оғриқлар билан эмас, балки реал позиция билан шунчалик тез ўтиради”, дейди у.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 28 июнь куни Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг таклифига кўра, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг йиғилишининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Украина раҳбари Россияни “террорчи давлат” деб тан олишга ва уни Россия Федерацияси доимий аъзоси бўлган БМТ Хавфсизлик Кенгашидан чиқариб юборишга, Кременчугга берилган ракета зарбаси учун халқаро трибуналга тортишга чақирди.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси