Зеленский Россияни БМТ Хавфсизлик кенгашидан чиқариб юборишни талаб қилди
Олам
−
29 Июнь 2022
7247Украина Президенти Владимир Зеленский Бирлашган Миллатлар Ташкилотини Россияни “террорчи давлат” деб тан олишга ва уни Россия Федерацияси доимий аъзоси бўлган БМТ Хавфсизлик Кенгашидан чиқариб юборишга чақирди.
Кеча, 28 июнь куни Украина ташаббуси билан БМТ Хавфсизлик Кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Россиянинг ракета ҳужумлари масаласи муҳокама қилинди. Йиғилишда видеоконференцалоқа воситаси орқали нутқ қилган Зеленский шундай дейди:
“Россиянинг Украинадаги уруш масалаларини муҳокама қилиш ва овоз беришда қатнашиш ҳуқуқи йўқ, бу асоссиз ва мустамлакачилик характерига эга. Мен сизни террористик давлат делегациясини БМТ Бош Ассамблеясидаги ваколатларидан маҳрум қилишингизни сўрайман. Бу мумкин, бу шарт, бу адолатдан. Россиянинг БМТ Хавфсизлик Кенгашида қолишга ҳаққи йўқ”.
Украина раҳбарининг қайд этишича, Россия БМТнинг ихтисослашган ташкилотлари фаолиятида иштирок этишда давом этмоқда ва ҳаттоки Россия Совуқ уруш тугаганидан кейин сиёсатчиларнинг калтабинлиги туфайли эга бўлган БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси имтиёзларидан фойдаланиб келмоқда.
Президент сўзида давом этаркан, йиғилиш иштирокчилари эътиборини Кременчугдаги савдо мажмуасига уюштирилган ҳужумга қаратди. Россия Мудофаа вазирлиги ҳужум 27 июнь куни Кременчугдаги АҚШ ва Европа Иттифоқидан келтирилган қурол-яроғ омборига қилингани, шу боис омборга яқин бўлган савдо мажмуасида ёнғин чиққанини айтмоқда. Киев эса ҳужум савдо марказига уюштирилгани ва унда одамлар бўлгани ҳақида бонг урмоқда. Шу боис Зеленский БМТ Хавфсизлик кенгашидаги нутқида Россияни Кременчугдаги фожиадан келиб чиқиб, терроризмда айблади.
“Биз Россияни терроризм учун жавобгарликка тортишимиз керак. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти даражасида давлат терроризми концепциясига ҳуқуқий баҳо бериш керак, Россиянинг барча ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиши ва Россия жаҳон ҳуқуқий тартибини бузаётгани учун глобал санкциялар қўлланилиши керак”, дейди Украина раҳбари.
Зеленский БМТга ўзи террорчилик ҳаракати деб атаётган Кременчугдаги воқеаларни текшириш мақсадида ташкилот Бош котибининг махсус вакили ёки комиссия юборилишини таклиф қилди.
LiveБарчаси