Россиянинг Украинадаги ҳарбий операциясини қабул қилиб бўлмайди – Эрдўған

Олам

image

Туркия яна бир бор Россия ва Украинани Минск келишувлари доирасида барча қарама-қаршиликларни мулоқот орқали ҳал қилишга чақиради. Бу ҳақда бугун, 24 февраль куни Президент Ражаб Тойиб Эрдўған маълум қилди. 

Давлат раҳбари Туркия Россиянинг Украинага қарши ҳарбий операциясини рад этишини ва қабул қилиниши ҳам мумкин эмаслигини урғулаган. 

Туркия раҳбари, Анқара Россия ва Украинани яқин сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий алоқаларга эга бўлган дўст давлатлар деб билишини таъкидлаган. 

“Россия ва Украина ўртасидаги қарама-қаршилик бизни чин дилдан афсуслантиради”, дейди Туркия раҳбари. 

Эрдўған Туркия Киевнинг ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш учун олиб бораётган курашини қўллаб-қувватлашини айтган, “бу ҳақда у бугун Украина Президенти Владимир Зеленскийга телефон орқали мулоқотда маълум қилган”. 

“Россиянинг Украинага ҳарбий бостириб кириши халқаро ҳуқуқ нормаларига зиддир ва минтақадаги тинчлик ва барқарорликка жиддий зарба беради”, деди Туркия раҳбари. 

Шунингдек, давлат раҳбари Россия босқини остида қолаётган Украинага ҳар томонлама ёрдам беришга тайёр эканини маълум қилган.

“Биз Туркия фуқаролари, қардош Қрим-татар халқи ва Украинада яшовчи барча фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш учун зарур саъй-ҳаракатларни амалга оширишга тайёрмиз”, дейди Эрдўған.

Маълумот учун, жорий йилнинг 2 февраль куни Эрдўған Киевга бориб, Зеленский билан ёпиқ эшиклар ортида мулоқот ўтказиб қайтди. Ушбу учрашувда Украинада Туркия билан ҳамкорликда “Bayraktar” учувчисиз ҳаво воситаларини ишлаб чиқариш кенгайтирилишига келишилди

Учрашувлар якунида ОАВга баёнот берган Эрдўған Туркиянинг Украина, жумладан Қримнинг ҳудудий яхлитлиги ва давлат суверенитетини қўллаб-қувватлаш масаласидаги позицияси ўзгармас бўлиб қолаётганини урғулаган

Украинадан қайтишда журналистлар билан мулоқот қилган Эрдўған, Агар Россия Киев билан кескинликни камайтиришда Туркиянинг воситачилигини маъқулласа ва Владимир Путин Украина Президенти билан учрашув таклифини қабул қилса, Зеленский ўша заҳоти Туркия раҳбари айтган жойга етиб келишга тайёрлигини билдирди. Бироқ Путин ушбу ушрашув таклифига жавоб бергани йўқ. 

Россиянинг Украинага босқини

Аввалроқ, Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари махсус ҳарбий операция бошлаганини эълон қилганди. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Сўнгра, Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирди.

Украина ИИВ маслаҳатчиси эса Киев ва Харьковга ракета ҳужуми уюштирилганини маълум қилди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди. Шунингдек, расмий идора рус қўшинлари Харьков ва Одесса вилоятига кирганини маълум қилди.

ЛХР Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Виталий Киселев эса Счастье ва Станица шаҳарчалари ЛХР назоратига ўтганини эълон қилди. 

Эслатиб ўтамиз, 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. 

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

130

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг