Россияда Украинага тажовузни босқин, ҳужум ёки уруш деб аташ тақиқланди
Олам
−
26 Февраль 2022
8831Россиянинг Алоқа, ахборот технологиялари ва оммавий коммуникацияларни назорат қилиш федерал хизмати (“Роскомнадзор”) 10 та оммавий ахборот воситасига Украинадаги махсус ҳарбий операцияни босқин, ҳужум ёки уруш деб аташни тақиқлади. Шундай атаб хабар эълон қилганларини эса жаримага тортишни бошлади.
“Роскомнадзор” тақиқи “Эхо Москвы”, “ИноСМИ”, “Медиазона”, “The New Times”, “Дождь”, “Свободная Пресса”, “Крым.Реалии”, “Новая газета”, “Журналист”, “Лениздат” нашрларига тааллуқли бўлган.
“Роскомнадзор”нинг таъкидлашича, ушбу нашрлар Россия қўшинлари томонидан Украина шаҳарларининг ўққа тутилгани ва Украинада тинч аҳолининг ўлимига оид “нотўғри, ижтимоий аҳамиятга эга бўлмаган, ҳақиқатга мос келмайдиган маълумотлар”ни тарқатган. Шунингдек, давом этаётган ҳарбий операцияни “ҳужум”, “уруш” ва “босқин” деб аталган материалларни чоп этган.
Агар нашрлар ушбу маълумотларни олиб ташламаса, “Роскомнадзор” уларни блокировка қилиш билан таҳдид қиляпти. Бундан ташқари, мазкур оммавий ахборот воситалари беш миллион рублгача жаримага тортилиши мумкин.
Россиянинг Украинага босқини
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бунинг ортидан Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди.
Рус қўшинлари дастлаб Киев ва Харьковга ракета ҳужуми уюштирди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди. Шунингдек, расмий идора рус қўшинлари Харьков ва Одесса вилоятига кириб борганини билдирди.
Ҳужум бошланганидан кўп ўтмай, ЛХР Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Виталий Киселев Счастье ва Станица шаҳарчалари ЛХР назоратига ўтганини эълон қилди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
LiveБарчаси