Россияда сафарбарлик учун чегаралар ёпиладими, фармоннинг 7-банди нега яшириляпти?

Олам 12655
image

Россия Федерацияси ҳукумати имкон қадар қисқа вақт ичида қисман сафарбарликни кечиктириш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларнинг тоифаларини аниқлайди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот котиби Дмитрий Песков журналистларга берган интервьюсида маълум қилди. 

"Кечиктириш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларнинг тоифалари Россия Федерацияси ҳукумати томонидан белгиланади. Буни ҳукумат аниқлайди, албатта, имкон қадар тезроқ”, дейди у. 

Кремль матбуот котиби сафарбарлик қанча давом этиши ҳақида гапирар экан, Россия Федерацияси Президентининг фармонида муддат ҳақида ҳеч нарса айтилмаганини урғулади.. 

Шунингдек, у Россия Федерацияси Президенти телемурожаатида Донбасс “республикалари” ва “озод қилинган ҳудудларда” референдумлар мавзусига катта эътибор қаратганини, улар нима учун ўтказилаётганини тушунтирганини эслатди.  

“Президент ушбу минтақалар аҳолиси томонидан қабул қилинадиган қарорни биз қўллаб-қувватлашимизни айтди”, дейди Песков. 

Кремль матбуот котиби, шунингдек, сафарбарликка жалб қилиниши керак бўлган фуқаролар учун чегараларнинг ёпилиши бўйича тушунтиришлар кейинроқ келишини таъкидлади. 

“Мен ҳозир бу саволга жавоб бера олмайман, биласизки, амалдаги қонунларда бу борада турли хил қоидалар бор  шунинг учун бироз сабр қилайлик, бу борада тушунтиришлар бўлади”, дейди у.  

Кремль қисман сафарбарлик тўғрисидаги фармоннинг эълон қилинмаган еттинчи бандини ошкор қилмади. Песковга кўра, фармоннинг эълон қилинмаган ушбу банди расман фойдаланиш учун. 

Унинг таъкидлашича, қисман сафарбарлик тўғрисидаги фармоннинг ёпилган еттинчи бандида биз Шойгу айтганидек, 300 минг кишигача бўлган чақирилувчилар сони ҳақида сўз боради. . 

“Қисман сафарбарлик доирасида 300 минг кишини чақириш бир вақтнинг ўзида бўлмайди”, дея тушунтирди у. 

Қолаверса, унинг сўзларига кўра, Россия раҳбари қисман сафарбарлик билан боғлиқ ҳолда ҳали катта учрашув ўтказишни режалаштирмаяпти, бироқ у ҳукумат ва минтақалар билан доимий алоқада. 

Эслатиб ўтамиз, бугун, 21 сентябрь куни Россияда қисман ҳарбий сафарлик эълон қилинди. Муддатли ҳарбий хизматга фақат ҳозирда резервда бўлган ва биринчи навбатда Қуролли Кучлар сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаган, муайян ҳарбий мутахассислик ва тегишли тажрибага эга бўлган фуқароларгина чақирилади. Ҳарбий хизматга чақирилганлар бўлинмаларга юборилгунга қадар махсус ҳарбий операция тажрибасини ҳисобга олган ҳолда қўшимча ҳарбий тайёргарликдан ўтадилар.

Россия қисман ҳарбий сафарбарлик доирасида Украинага қарши уруш учун 300 минг кишини армияга жалб қилади.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 50
Рейтинг: 3.2
t
×