Россия ва Украина музокараларнинг учинчи раундида нимага эришди?

Олам

image

Кеча, 7 март куни Беларуснинг Беловеж ўрмони ҳудудида Россия-Украина делегацияларининг навбатдаги музокаралари бўлиб ўтди. Учрашув деярли уч соат давом этди.

Музокаралар натижаларига кўра, Украина делегацияси аъзоси Михаил Подоляк томонлар сезиларли натижаларга эришмаганини айтди.

“Музокараларнинг учинчи раунди якунланди. Гуманитар коридорларнинг логистикасини яхшилашда ижобий силжиш бор. Ўт очишни тўхтатиш ва хавфсизлик кафолатлари билан бирга келишувнинг асосий сиёсий блоки бўйича интенсив маслаҳатлашувлар давом этди”, деб ёзган у Twitter’да.

Россия делегацияси раҳбари, Президент ёрдамчиси Владимир Мединский ҳам музокаралар якуни бўйича фикр билдириб, гуманитар йўлак масаласи узоқ муҳокама қилинганини айтган.

Шунингдек, у Россия музокараларда Украина билан ҳеч бўлмаганда баённома имзолашга умид қилганини, бироқ бу ҳам амалга ошмаганини қўшимча қилган.

“Ижобий ўзгариш ҳақида гапиришга эрта. Биз ҳужжатлар лойиҳалари билан келгандик. Украина томони уни ўрганиш учун олиб кетди, имзолаш имкони бўлмади. Музокаралардан кутган натижамизга эришмадик, аммо уларни давом эттирамиз”, деган Мединский.

Маълумот ўрнида, Россия-Украина музокараларининг иккинчи раунди 3 март куни Беловежда, биринчи раунди 28 февраль куни Беларуснинг Гомель вилоятида бўлиб ўтди.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

67

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг