Россия ва Украина мактаблардан ўз базаси сифатида фойдаланяпти – БМТ 

Олам 4251
image

Россиянинг Украинага бостириб кириши тинч аҳолининг ўлимига, мактаблар, шифохоналар ва турар-жой биноларининг вайрон бўлишига олиб келди. Бу ҳақда БМТнинг Украинадаги Инсон ҳуқуқлари мониторинги миссияси раҳбари Матильда Богнер маълум қилди. 

Ўтган ҳафта Богнер ва унинг ҳамкасблари жорий йил март ойи охиригача Россия Қуролли Кучлари назоратида бўлган Украина шаҳарларига ташриф буюрган. У бошчилигидаги БМТнинг Украинадаги Инсон ҳуқуқлари мониторинги миссияси 24 февралдан бери содир этилган халқаро гуманитар ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқларининг барча бузилишларини ҳужжатлаштиради. 

“Тинч аҳоли қурбонлари сонининг кўплиги ва фуқаролик объектларига етказилган вайронагарчилик ва зарар кўлами жанговар ҳаракатларни амалга ошириш тамойиллари бузилганини яққол кўрсатиб турибди”, деган миссия раҳбари.

БМТ мониторинг миссияси раҳбари кенг тарқалган вайронагарчилик ҳақида гапирган ва “ҳар икки томон ҳарбий кучлари мактаблардан ўз базалари сифатида фойдаланиши ва мактаблар яқинига оғир ҳарбий техникани жойлаштирufyb” ҳақида таъкидлаган. Богнернинг айтишича, у борган Украинанинг кўплаб шаҳарларида мактаблар, шифохоналар, хусусий уйлар ва кўп қаватли турар-жой бинолари вайрон бўлган. 

Миссия юзлаб таълим ва тиббиёт муассасаларининг вайрон бўлгани ёки зарар кўрганини ҳужжатлаштирган. 

“Биз кўп ҳудудларда ҳар икки томоннинг қуролли кучлари мактаблардан ўз базалари сифатида фойдаланиши ва мактаблар яқинида оғир ҳарбий техникани жойлаштириши ҳақида маълумот олганимизни хавотир билан қайд этамиз”, деган БМТ эксперти. 

Унинг сўзларига кўра, Украина бўйлаб жанговар ҳаракатлар натижасида камида 50 та христиан, яҳудий ва мусулмон диний бинолари зарар кўрган. Таъкидланишича, кучли жанглар давом этаётган ҳудудларда одамлар тиббий ёрдам олиш имкони бўлмагани учун ҳалок бўлган. 

Қайд этилишича, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Украинадаги Инсон ҳуқуқлари мониторинги миссияси “зўрлаш, жумладан, гуруҳ бўлиб зўрлаш, тинч аҳоли аёллари ва қизлари, эркаклар ва ўғил болаларга нисбатан жинсий зўравонлик таҳдиди” ҳақидаги хабарларни олишда давом этмоқда. Умуман олганда, Богнерга кўра, жинсий зўравонлик қурбонлари, уларнинг оилалари ва дўстлари стигматизация қўрқуви туфайли содир бўлган воқеа ҳақида гапиришни истамайди. 

“Вақт ўтиши билан бу қонунбузарликлар кўлами аниқ бўлади”, деган БМТ вакили. 

Богнернинг айтишича, миссия Россия ҳарбий кучлари тинч аҳолини, асосан ёшларни ҳибсга олган бир неча ҳолатларни ҳужжатлаштирган. Айтилишича, улар Беларусга, кейин эса Россияга олиб кетилган ва у ерда тергов изоляторларига жойлаштирилган. 

БМТ вакили Украина қуролли кучлари томонидан ҳарбий асирларга нисбатан ёмон муносабатда бўлингани ҳақида ҳам маълум қилган. 

“Биз Украина қуролли кучлари томонидан Россия қуролли кучлари ва улар билан алоқадор қуролли гуруҳларга мансуб ҳарбий асирларга шафқатсиз муносабатда бўлиш ҳақида ишончли маълумот олдик. Биз ғайриинсоний муомала, жумладан, ҳар икки томондан маҳбусларни баёнот беришга, кечирим сўрашга ва айбини тан олишга мажбурлаш, шунингдек, хўрлашнинг бошқа шакллари акс эттирилган видеоларни томоша қилишда давом этамиз”, деган Богнер.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 4
Рейтинг: 3
t
×