Россия урушда украиналик болалардан фойдаланмоқда – Расмий Киев

Олам 10100
image

Россия армияси Украина билан биргаликда болаларни ҳам қуролли можарога жалб қилган. Бу ҳақда Украина Бош прокурори Ирина Венедиктова маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Россия томонидан Украинага қарши урушда украиналик болалардан фойдаланишнинг саккизта ҳолати қайд этилган. 

Россия армияси украиналик болаларни бевосита ҳарбий маълумотларни йиғиш ёки узатиш, қурол-яроғ ташиш ва ҳоказоларда иштирок этишга мажбур қилмоқда. 

“Россия украиналик болаларга қарши уруш олиб бормоқда ва уларни Украинага қарши ҳаракатларга жалб қилмоқда. Вояга етмаганлар бўйича прокурорлар икки йўналишда – қурбон бўлган болалар ва қонун билан низода бўлган болаларга эътибор қаратмоқда”, дейди Бош прокурор.

Венедиктовага кўра, Россия армиясининг ўққа тутиши оқибатида 1 141 та ўқув муассасаси зарар кўрган, шундан 99 таси бутунлай вайрон бўлган.

Айтиш жоизки, Россия Украинага ҳужум бошлаганидан бери 208 нафар украиналик бола ҳалок бўлган, 386 нафари яраланган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 20 апрель ҳолатига Украинадан 5 миллиондан ортиқ тинч аҳоли тарк этганди. 

Жорий йилнинг 24 февралидан 14 апрелига қадар эса Украинада камида 1 982 тинч аҳоли ҳалок бўлган.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

Диёра Абдураҳмoнова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 21
Рейтинг: 3
t
×