Россия Украина армиясига қанча зарар етказганини эълон қилди

Олам

image

Россиянинг Украинага ҳужуми давомида умумий ҳисобда 2396 та ҳарбий инфратузилма объекти йўқ қилинган. Бу ҳақда 7 март куни Россия Мудофаа вазирлиги расмий вакили генерал-майор Игорь Конашенков маълум қилди.

“Операция давомида Украинанинг 2396 та ҳарбий инфратузилма объекти йўқ қилинди. Улар орасида Украина Қуролли Кучларининг 82 та бошқарув пункти ва алоқа марказлари, 119 та С-300, “Бук-М1” ва “Оса” зенит-ракета комплекслари, шунингдек, 76 та радар станциялари бор”, деган у.

Унга кўра, 827 та танк ва бошқа зирҳли жанговар техника, 84 та кўп сонли ракета тизими, 304 та дала артиллерияси ва миномётлари, 603 та махсус ҳарбий техника, шунингдек, 78 та учувчисиз учиш аппарати ҳам йўқ қилинган.

Бундан ташқари, департаментнинг таъкидлашича, Россия Федерацияси Қуролли Кучлари Украина Ҳарбий-ҳаво кучларининг Полтава вилоятида 3 та Су-27 қирувчи самолёти, Гостомель вилоятида битта Су-25 ҳужумчи самолёти ва Макаров вилоятида 2 та Ми-24 вертолёти ҳамда 8 та учувчисиз ҳаво воситалари, жумладан Байрактар ТБ-2 ни йўқ қилган.

“Россия Аэрокосмик кучларининг бомбардимончи ва ҳужумчи самолётлари Украина Қуролли Кучларининг 3 та Бук-М1 зенит-ракета мажмуаси ва 2 та радар станциясини уриб туширди”, деган Россия Мудофаа вазирлиги вакили.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

62

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг