Россия қўшинлари Украинада кенг кўламли янги ҳужумга тайёрламоқда – ISW
Олам
−
15 Июль 2022
11932Россия қўшинлари “операцион пауза”дан кейин Славянск-Северск-Бахмут линияси бўйлаб кенг кўламли ҳужум бошлашни режалаштирмоқда. Аммо кутилаётган ҳужумнинг қачон бошланиши ва аниқ қаерга қаратилиши ҳақида ҳозирча ҳеч қандай маълумот йўқ. Бу ҳақда Американинг Урушни ўрганиш институти ўзининг янги ҳисоботида маълум қилди.
Таҳлилчиларнинг айтишича, босқинчилар Северскдан Верхнекаменскийгача 8 км масофани босиб ўтган. Украина Бош штаби илгари бу ҳудудда душман ҳужумларининг қайтарилганлигини эълон қилди.
Шунингдек, россиялик ёлланма аскарлар Северскда “операцион назорат” ўрнатилганлиги ҳақида хабар берди. Бундан ташқари, Украина армияси Бахмутнинг жануби-шарқидаги аҳоли пунктларига ҳужум қилган рус ҳарбийлари билан жанг олиб борган. Жанглар шаҳардан 20 километр узоқликда бўлиб ўтган.
Ҳисоботда айтилишича, Россия армияси Авдеевканинг шимоли-шарқидаги ҳужумларни давом эттириб, ҳудудда Украина истеҳкомларини четлаб ўтишга ҳаракат қилмоқда.
Шунингдек, Украина кучлари Каменко томон ҳаракатланаётган рус қўшинларини Адеевкадан 6 км шимоли-шарқда тўхтатгани таъкидланган. Ўша куни Россия қўшинлари жангда тўлиқ ғалаба қозонмаганлигига қарамай, 14 июль куни Каменко руслар назоратига ўтганини эълон қилиб юборган. Аммо буни тасдиқловчи далил келтирилган.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
Муҳайёхон Ҳабибуллаева
LiveБарчаси