Россия Қуролли кучлари Одессага ҳужум қилди. 17 киши қурбон бўлган

Олам

image

Россия Қуролли кучлари Украинанинг Одесса вилоятидаги Белгород-Днестровский туманини Х-22 ракеталари билан ўққа тутди, натижада 17 киши ҳалок бўлди, 31 киши яраланди. Бу ҳақда Одесса шаҳар кенгаши Telegram-каналига асосланиб, “Укринформ” хабар берди. 

“Одесса вилоятининг Белгород-Днестровский туманида Ту-22 стратегик самолётининг Қора денгиз йўналишидан тунги ракета зарбаси натижасида бир турар-жой биноси ва иккита дам олиш маскани 3 та Х-22 ракетаси билан ўққа тутилди”, дейилади хабарда. 

1 июль эрталабки ҳолатга кўра, 17 нафар ҳалок бўлганларнинг шахси аниқланган, улардан 1 нафари бола. Жабрланганларнинг 31 нафари, жумладан, 4 нафари бола ва ҳомиладор аёлга тиббий ёрдам кўрсатилди, вайроналар остидан 8 киши, жумладан, 3 нафар бола қутқарилди. 

Қутқарув ишлари давом этмоқда. Воқеа содир бўлган жойларда тезкор-тергов гуруҳлари ишламоқда. 

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

18

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг