Россия илк бор Тернополга ҳужум қилди

Олам 15208
image

Кеча, 3 апрель куни тахминан соат 22:20 да Россия ҳарбийлари кенг кўламли уруш бошланганидан бери биринчи марта Тернополь вилоятига ҳужум қилди. Вилоят ҳарбий маъмурияти раиси Владимир Труш бугун, 4 апрель куни бўлиб ўтган брифингда маълум қилишича, стратегик объектлардан бири жиддий зарар кўрган.

“Кеча биринчи парвоз бўлди. Таҳдидни бартараф этган Украина Қуролли кучларига раҳмат. Парчалар муҳим инфратузилма объектига зарар етказди. Бу объект ҳозирда фойдаланиш учун яроқсиз. Мен объектнинг жойи ва номини кўрсатмайман. Жамоатчилик учун Қуролли Кучларимиз ишлаётганини билиш жуда муҳим, ҳозир воқеа жойида қутқарувчилар полиция билан биргаликда бу фактни ҳужжатлаштирмоқда”, деган Труш.

У ҳужумда ҳеч ким қурбон бўлмаганига ишонтирган.

Вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Александр Богомолнинг тушунтиришича, Тернополь вилоятидаги муҳим инфратузилма объектларини қўриқлаётган Миллий гвардия, полиция, ҳудудий мудофаа, Украина Қуролли кучларининг барча вакиллари ушбу объектларга ҳужум қилинган тақдирда талафотни минималлаштириш учун хавф сигнали бериб, дарҳол хабардор қилади.

“Биз яқин атрофда яшовчи тинч аҳолини ҳам хабардор қилмоқдамиз. Кеча Тернополь вилояти биринчи марта ўққа тутилди. Менимча, бу охиргиси бўлмайди. Шунинг учун ҳаммамиз тайёр бўлишимиз керак”, деган Богомол.

Шунингдек, у ҳужум қилинганидан сўнг портлаш жойи яқинида дрон кўринганини айтган.

“Турли хил саботаж ва разведка гуруҳлари ишламоқда. Агар сиз дронни кўрсангиз, полицияга хабар беринг. Чунки бу разведка ёки жанговар бўлиши мумкин. Шунингдек, дрон операторини кўрсангиз хабар беринг. Гарчи оператор дрондан анча узоқда бўлиши мумкин”, деган Богомол.

Труш, ўз навбатида, ўққа тутилган ҳудуд аҳолисини ўзлари билган барча маълумотларни ижтимоий тармоқларда дарҳол тарқатмасликка чақирган.

Одесса вилояти ҳарбий маъмурияти спикери Сергей Братчукнинг айтишича, 4 апрель куни эрталаб босқинчилар Одессадаги объектлардан бирига ракета ҳужуми уюштирган.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 25
Рейтинг: 3.1
t
×