Россия икки йўналишда олдинга силжимоқчи – Украина Бош штаби

Олам

image

Россия ҳарбийлари Украинанинг Лисичанск нефтни қайта ишлаш заводи – Ивано-Дарьевка ва Николаевка-Виемка йўналишларида олдинга силжишга ҳаракат қилмоқда. Руслар шу йўналишларда ҳужум операцияларини амалга оширган. Бу ҳақда Украина Қуролли Кучлари Бош штаби Facebook’даги саҳифасида маълум қилди.

“Краматорск йўналишида душман Краматорск, Верхнекамен ва Григоровка ҳудудларини тўп ва ракета артиллериясидан ўққа тутди. Ҳужум ҳаракатлари билан душман бўлинмалари Лисичанск нефтни қайта ишлаш заводи – Ивано-Дарьевка ва Николаевка – Виемка йўналишларида олдинга силжишга ҳаракат қилишди. Спорное-Ивано-Даревка йўналишида жанговар ҳаракатлар давом этмоқда”, дейилади хабарда.

Айни пайтда, Волин, Полесск ва Северск йўналишларида алоҳида ўзгаришлар бўлмаган. Руслар Чернигов вилоятидаги Сенковка ва Гремяч, Суми вилоятидаги Басовка ва Кондратовка яқинидаги ҳудудларни артиллериядан ўққа тутган.

Харков йўналишида руслар Харьков, Уди, Дементьевка, Русские Тишки, Черкасские Тишки, Большие Проходи, Прудянка, Протопоповка, Петровка, Старий Салтов, Юқори Салтов, Моспаново ва Коробочкино аҳоли пунктлари ҳудудларидаги объектларни танклар, тўп ва ракета артиллериясидан ўққа тутишни давом эттирган. Старий Салтов ва Моспаново яқинида ҳаво ҳужумлари уюштирилган.

Славян йўналишида Долина, Бражковка, Нортсовка, Дубравний, Мазановка ва Богородичний яқинида ўққа тутилган. Душман самолётлари яна Залиман яқинида фаол бўлган.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

Европа мамлакатлари аллақачон Россия нефтини етказиб беришни алмаштиришни бошлаган. Мисол учун, май ойининг охирида Бирлашган Араб Амирликлари икки йиллик танаффусдан сўнг Европага нефть етказиб беришни тиклади.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

28

Рейтинг

3.3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг