Россия Ғарбга қарши жавоб санкциялари тайёрлади
Олам
−
12 Март 2022
30468Россия тез орада Ғарб давлатлари сиёсатчилари, тадбиркорлари ва бошқа шахсларга нисбатан шахсий санкциялар рўйхатини эълон қилади. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябков маълум қилди.
“Рўйхатлар тайёр. Биз бу билан шуғулланяпмиз. Санкцияларга қай тарзда ва қандай миқёсда жавоб беришни белгилаш нотўғри бўлса керак”, деган у.
Дипломатнинг сўзларига кўра, жавобни ишлаб чиқиш чоғида Москва “босиқлик кўрсатади”. Шу билан бирга, Рябковнинг сўзларига кўра, Россия расмийлари киритилган чекловлардан кўрилган зарарни минималлаштириш имкониятига эга.
“Биз билардик ва ҳозир ҳам биламизки, америкаликлардан исталган вақтда ҳар қандай ҳийла-найранг кутиш мумкин. Биз ҳозир юзага келган вазиятга тайёрланаётган эдик. Бу махсус операцияга боғлиқ эмас”, деган у.
Рябковнинг фикрича, Россия билан муносабатларда Қўшма Штатлар “ёмондан ёмон” стратегиясига амал қилмоқда.
“Агар АҚШнинг кетма-кет маъмуриятлари саъй-ҳаракатлари билан муносабатларимиз ёмондан ёмонга силжишини кўраётган бўлсак, қандай ишонч ҳақида гапириш мумкин”, дея қўшимча қилган Рябков.
Аввалроқ, АҚШ Молия вазирлиги Россиядан мамлакатга денгиз маҳсулотлари, спиртли ичимликлар ва олмос импорти бўйича операцияларни якунлаш учун сўнгги муддати этиб жорий йилнинг 25 мартини белгилаганди.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси