АҚШ Россиядан олмос импортини якунлашга муддат белгилади
Олам
−
12 Март 2022
5547АҚШ Молия вазирлиги Россиядан мамлакатга денгиз маҳсулотлари, спиртли ичимликлар ва олмос импорти бўйича операцияларни жорий йилнинг 25 мартигача якунлаш муддатини белгилади. Бу АҚШ Молия вазирлиги томонидан тарқатилган махсус бош лицензияда айтилган.
Доллардан фойдаланиш ҳақида
“Молия вазирлиги Россиядаги америкаликларга доллар банкнотларини Россия Федерациясига олиб кириш ва уларни ўз ҳудудида ишлатишга рухсат берди”, дейилади бош лицензияда.
Аввалроқ, АҚШ Президенти Жо Байден “АҚШдан ёки америкалик шахслар томонидан, қаерда бўлишидан қатъи назар, Россия ҳукумати ёки Россия Федерацияси ҳудудида жойлашган ҳар қандай шахсга доллар банкнотларини экспорт қилиш, реэкспорт қилиш, сотиш ёки етказиб беришни” тақиқлаган эди.
ВТБ банки бошқаруви аъзоларига нисбатан санкциялар тўғрисида
“Қўшма Штатлар ўзининг санкциялар рўйхатига Россиянинг Украинадаги операцияси бошланиши муносабати билан аввал чекловларга дучор бўлган Россиянинг ВТБ банки бошқарувининг 10 нафар аъзосини қўшди”, дейилади баёнотда.
Ҳужжатда таъкидланишича, “2022 йил 24 февралда АҚШ Молия вазирлиги Россиядаги энг йирик ВТБ банкига қарши санкциялар жорий этди”.
“Бугун АҚШ Молия вазирлигининг Хорижий активларни назорат қилиш бошқармаси ВТБ банки директорлар кенгашининг ўн нафар аъзосини қора рўйхатга киритди”, дейилади ҳужжатда.
Баёнотда айтилишича, Ольга Дергунова, Вадим Кулик, Валерий Лукьяненко, Анатолий Печатников, Наталья Диркс, Максим Кондратенко, Эркин Норов, Святослав Островский, Дмитрий Пьянов, Юрий Андресовга нисбатан санкциялар жорий этилган.
Ҳужжатда қайд этилишича, бу шахсларнинг барчаси “Россия иқтисодиётининг молиявий хизматлар соҳасида ишламоқда ёки аввал ишлаган”.
Донецк ва Луганск халқ республикаларида демократияни ривожлантириш лойиҳалари ҳақида
АҚШ Молия вазирлиги ноҳукумат ташкилотларга гуманитар лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, Донецк ва Луганск халқ республикаларида демократияни ривожлантириш бўйича битимлар тузишга рухсат берган.
Молия вазирлигида таъкидланишича, ушбу ҳужжат “одатий тартибда амалга ошириладиган ва Донецк Халқ Республикаси (ДХР) ёки Луганск Халқ Республикаси (ЛПР)даги ноҳукумат ташкилотлари фаолияти учун зарур бўлган муайян операцияларни амалга оширишга имкон беради.
Вексельбергнинг яхтаси ҳақида
“Россияга қарши санкциялар режимини кучайтириш доирасида АҚШ ҳукумати йирик тадбиркор, “Ренова” компанияси эгаси Виктор Вексельбергга тегишли йўловчи самолёти ва яхтасини музлатиб қўйди”, дейилади баёнотда.
Америка томонининг маълум қилишича, самолёт Нидерландия Қироллиги таркибига кирувчи Кариб денгизидаги ўзини-ўзи бошқарувчи Аруба давлатида рўйхатдан ўтган ва яхта Янги Зеландия билан боғлиқ бўлган Кук ороллари байроғи остида сузиб юрган.
АҚШ Молия вазирлиги маълумотларига кўра, самолёт (Airbus A319-115) ва яхтанинг ҳар бири тахминан 90 миллион долларни ташкил этади.
Вексельберг АҚШ маъмурияти томонидан 2018 йилда Россияга нисбатан санкциялар рўйхатидан бирига қўшилган. Кейинроқ тадбиркор АҚШ Молия вазирлигининг Хорижий активларни назорат қилиш бўлимига ўзига нисбатан қўйилган санкцияларни бекор қилиш тўғрисида ариза юбориб, уларни ноқонуний ва адолатсиз деб атаган. Кеча, 11 март куни у бошқа шунга ўхшаш рўйхатга киритилди. Шу билан бирга, АҚШ молия вазирлиги тадбиркорнинг бевосита ёки билвосита Россия ҳукумати манфаатларини кўзлаб ҳаракат қилганини даъво қилган.
LiveБарчаси