Россия Британия элчихонасининг “пешонаси”га ЛХР номини қадади

Олам 8985
image

Буюк Британиянинг Россиядаги элчихонаси биноси ёнидаги номсиз ҳудудга “Луганск халқ республикаси майдони” номи берилди. Бу ҳақда Москва мэри Сергей Собянин кеча, 5 июль куни имзолаган фармонда келтирилган.

Москва мэрининг расмий сайтида маълум қилинишича, Британиянинг Россиядаги элчихонаси янги расмий манзилга эга бўлган. Эндиликда дипломатик ваколатхона қуйидаги манзилда жойлашган: Россия Федерацияси Москва шаҳри Луганск халқ республикаси майдони 1-уй. Илгари элчихона Смоленск қирғоғида жойлашган эди.

Қайд этилишича, мазкур қарор “Фаол фуқаро” платформасида ташкил этилган овоз бериш дан сўнг қабул қилиндган. Шаҳар мэри хабарига кўра, унда 109 603 киши иштирок этган ва 56,85 фоиз одам Британия элчихонаси олдидаги номсиз майдонга Луганск халқ республикаси номи беришни маъқуллаган.

Маълумот учун, жорий йилнинг 8 июнь куни Москва шаҳар думаси депутатлари Германия элчихонаси ёнидаги майдонга “Луганск халқ республикаси майдони” номини бериш ташаббуси билан чиққан.

Эслатиб ўтамиз, Америка Қўшма Штатларининг Россиядаги элчихонаси биноси ёнидаги номсиз ҳудудга “Донецк халқ республикаси майдони” номи берилган.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 17
Рейтинг: 3.3
t
×