Россия армияси Украина шарқи учун янги жангда ўз олдига 4 та асосий вазифани қўйди – Киев
Олам
−
19 Апрель 2022
16323Россия армияси Украина шарқидаги янги жангда ўз олдига тўртта асосий вазифани қўйган. Бу ҳақда Украина Президенти девони маслаҳатчиси Алексей Арестович сўз очди.
Украина телевидениеси орқали гапирган Арестович Россия қўшинларининг Шарқдаги ҳужумининг фаол босқичи 17 апрелдан бошланганини айтди.
Президент девони маслаҳатчиси Луганск вилоятидаги Рубежное-Попасная-Северодонецк участкасидаги ҳудудни эгаллаб олишни русларнинг биринчи вазифаси деб атади. Унинг сўзларига кўра, душман бу аҳоли пунктларини “материк”дан “қирқиб ташлаш”га интилмоқда.
Алексей Арестовичнинг сўзларига кўра, иккинчи йўналиш – Изюмдан (Харьков вилояти) Славянск ва Краматорскгача бўлган ҳужум ва учинчи йўналиш – Гуляйпол ва Мариупол ҳудуди.
Украина Президенти Владимир Зеленский ўзининг тунги видеомурожаатида Россия армияси узоқ вақтдан бери тайёргарлик кўрган Донбассда ҳужумни бошлаганини айтди.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси