Россия АҚШни огоҳлантирди
Олам
−
28 Май 2022
48988Россия АҚШ Киевга узоқ масофага учувчи илғор ракета тизимларини юборамаслигига умид қилади. Бу ҳақда Россиянинг Вашингтондаги элчиси Анатолий Антонов журналистларга айтиб ўтган.
“Бундай маълумотларни синчковлик билан текшириш керак. Айни дамда биз Пентагон матбуот котиби Жон Кирбининг бу масала бўйича якуний қарор қабул қилинмагани ҳақида баёнотидан келиб чиқамиз. Умид қиламизки, соғлом фикр ғалаба қозонади ва Вашингтон бундай провокацион ҳаракатга қўл урмайди”, дейди россиялик элчи.
Унинг сўзларига кўра, Россия Федерацияси Вашингтонни “Украинани мисли кўрилмаган қурол-аслаҳа билан таъминлаши можаронинг авж олиш хавфини сезиларли даражада ошираётгани” ҳақида дипломатик каналлар орқали бир неча бор огоҳлантирган.
“Америкаликлар ўзларининг ҳаракатлари тинчликка эришиш истиқболларини кечиктираётганини яхши билишади. Қўшма Штатлар Украинадаги инқирозга тобора кириб бормоқда. Бу глобал хавфсизлик учун олдиндан айтиб бўлмайдиган оқибатларга олиб келади. Биз бемаъни ва ўта хавфли ҳаракатларга чек қўйишга чақирамиз. Биз томонга хавф туғдиришни ва Украинанинг ҳарбий ғалабаси ҳақида баёнот беришни тўхтатиш зарур”, дейди Антонов.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ Президенти Жо Байден маъмурияти Украинага ялпи ҳужум реактив тизимларини (ЯҲРТ), эҳтимол M31 GMLRS (Guided Multiple Launch Rocket System) юборишга қарор қилганди.
M31 GMLRS занжир орқали ҳаракатланувчи автомобиль бўлиб, кейинги ҳарбий ёрдам пакетлари HIMARS (High Mobility Artillery Rocket Systems) ғилдиракли тизимларини ҳам ўз ичига олиши мумкин.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси