Россия АҚШдан қўрқдими? Навальний шифохонага кўчирилади

Олам 11282
image
-

Россиянинг Владимир вилоятидаги колонияда жазосини ўтаётган мухолифат етакчиси Алексей Навальний маҳкумлар учун шифохонанинг стационар бўлимига кўчирилади. Бу ҳақда Россия Федерацияси Жазони ижро этиш федераль хизмати хабар қилмоқда. 

Хабарга кўра, ҳозирда Навальнийнинг соғлиғи қониқарли деб баҳоланмоқда, у ҳар куни умумий амалиёт шифокори кўригидан ўтказилмоқда. 

Беморнинг розилиги билан унга витаминли терапия муолажаси ҳам қўлланилмоқда, дейилган хабарда. 

Аввалроқ, АҚШ Навальний қамоқхонада вафот этса, Россияни нима кутаётганини маълум қилганди. 

Эслатиб ўтамиз, Путиннинг давлат маблағи асосида ўзи учун сарой қурдирганини даъво қилиб чиққан Навальний Германиядан қайтган заҳоти аэропортда ҳибсга олиниб, кейинчалик 2,5 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.

Шундан сўнг, уни ватанпарвар мухолифатчи, деб билган омма намойишлар уюштирди. Навальний бир неча бор очлик эълон қилди, яқинлари ва адвокатлари унинг қамоқда қийноққа солинаётгани ва соғлиғи ёмонлашганини айтиб чиқди. 

Озодликка эришиш учун турли йўлларни қўллаб кўраётган Навальний ўтган ҳафта Қуръон китобини бермагани учун колония раҳбарини судга берди. Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров эса буни провокация деб атади.

Ҳозирда Навальний жамоаси ўзи фаолиятини давом эттирмоқда ва яқинда эски мавзу бўйича янги суриштирув эълон қилди.

Шунингдек, Россия прокурорлари томонидан Навальнийнинг фаолиятини “экстремистик” деб баҳолаш таклиф қилинди.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 401
Рейтинг: 2.9
t
×