Россия ҳудудларини “демилитаризация қилиш” давом этади – Подоляк 

Олам

image

Яқин келажакда Россия билан чегарадош вилоятлардаги ёқилғи-мойлаш материаллари омборлари ва базаларида янги портлашлар бўлиши кутиляпти. Бу ҳақда Украина Президенти идораси раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк таъкидлади. 

Подоляк кеча, 27 апрелга ўтар кечаси Россиянинг учта вилояти — Белгород, Курск ва Воронежда бирданига портлашлар содир бўлгани ҳақидаги хабарларга шундай изоҳ берган. 

Таъкидлаш керакки, Киев яқинда Россия объектларида рўй берган портлаш ва ёнғинларга алоқадорлигини тан олмайди, бироқ Украина расмийлари уларни фаол шарҳламоқда.

Қайд этилишича, бугун, 28 апрель куни эрталаб икки россиялик Белгород вилоятидаги транспорт инфратузилмаси объектида қўпорувчилик тайёрлаётган вақтда қўлга олинган. 

“Урушнинг шиддати жуда юқори, яъни Россия Федерациясининг Украинага кенг миқёсли бостириб киришининг. Албатта, можаронинг бундай шиддати Россия Федерациясининг чегарадош вилоятларида аниқ акс этади. У ерда ваҳима кайфияти тезда кучаяди, зиддиятли вазиятлар пайдо бўлади. У ерда омборлар портлаб кетади”, деган Подоляк. 

Унинг сўзларига кўра, чегара ҳудудларидаги воқеалар “ниҳоят, руслар ўртасида савол туғдиради — биз Украинада нима қиляпмиз? Нега икки ой давомида у ерда одамларни бунчалик кенг миқёсда ўлдирмоқдамиз? Ва бунинг учун қандай нарх тўлашга тайёрмиз?”

“Ва бу омборлар, ёқилғи базалари — буларнинг барчаси оқибатлар бўлади. Россия Федерацияси уруш учун тўлашни бошлайдиган қарз тўловлари”, деган Подоляк.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

29

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг