Россия ҳар куни фронтда 500 аскарини йўқотяпти – АҚШ разведкаси
Олам
−
12 Август 2022
9696Украинадаги фронтда ҳар куни 500 нафар рус аскари ҳалок бўляпти ёки жароҳатланяпти. Украина Қуролли Кучларини янги қуроллар билан таъминлаш туфайли Россиянинг умумий ҳужум суръати секинлашган. Бу ҳақда “The New York Times” АҚШ Мудофаа вазирининг сиёсат бўйича ўринбосари Колин Кал Байден маъмуриятидаги манбага таяниб хабар берди.
“Ўйлайманки, руслар олти ойдан камроқ вақт ичида 70 ёки 80 минг қурбон берди деб, қўрқмай айтиш мумкин”, деган у.
Расмийнинг сўзларига кўра, босқинчилар Украина шарқида озгина муваффақиятга эришди, аммо бу янги қуроллар ва Украина Қуролли кучларининг ҳаракатлари туфайли уларга жуда қимматга тушди. Бундай йўқотишлар Россия йил охиригача Украина шарқини қўлга кирита олмаслигини англатади.
Разведка маълумотига кўра, Москва урушга чечен ҳарбийлари ва Суриядаги жангариларни жалб қилган. Шу йўл билан Кремль Россия ҳарбийларининг йўқотишлари ва ҳарбий хизматга ўхшаш умумий сафарбарликни амалга ошириш мажбуриятидан қутулиб, Россияда ички норозиликдан қочишга муваффақ бўлган.
Стратегик ва халқаро тадқиқотлар марказининг халқаро хавфсизлик дастури директори Сет Жонс Россия армияси жиддий йўқотишга учраганини таъкидлаган.
“Бу уларнинг Украинада қуруқликда самарали кампания ўтказиш қобилиятига таъсир қилади”, дея қўшимча қилган у.
Америка ва Европа расмийларига кўра, Россия ҳарбийлари катта йўқотишларга дучор бўлмоқда, улар учун захирадагилар ва муддатли хизматга чақирилувчиларни жангга жалб қилиш қийин. Россия Федерацияси аллақачон ўз армиясининг деярли 85 фоизини урушга жалб қилган ва мамлакатнинг Узоқ Шарқидан қўшинларни сафарбар қилган.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси