Рамзан Қодиров Навальнийнинг заҳарланишида уни айблашни таклиф қилди

Жамият 10219
image

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров мухолиф сиёсатчи Алексей Навальнийнинг “Spiegel” нашрига айтганидек, заҳарланиши ортида Россия Президенти Владимир Путин тургани ҳақидаги иддаосида мантиқ ва далил топа олмаганини айтди. Қодиров сиёсатчининг заҳарланишида уни буюртмачи деб билишни таклиф қилди.

“Навальний заҳарланишини Путин буюртма қилганини айтди. Мухолиф сиёсатчи субъектив фикрини далилларсиз айтди”, деган Қодиров.

Айтганча, буни янада ишонарли ва ҳақиқатга яқин қилиш учун мени, Қодировни ижрочи ёки буюртмачи демадинг? Бу ҳар ҳолда сен айтганчалик кулгили кўринмаган бўларди. Менинг мавҳумликларим жамғармасида яна бир мукаммал айблов пайдо бўларди. Бу ҳақда ўйлаб кўр, ғоя беряпман”, деган Қодиров.

Чеченистон раҳбарининг таъкидлашича, Путин туфайли мамлакатда мухолифатга чидаб келиняпти ва айнан у Навальнийнинг айбловларига жавоб қайтаришни истаганларни тийиб турибди.

“Агар унинг ўрнида эксцентрик раҳба бўлганида эди барча радикал мухолифатчиларни бирор баҳона билан мамлакатдан қуварди”, деган Қодиров.

У Навальнийни ўзгаришга ва Ватанни севишга чақирди. Шунингдек, унинг қўшимча қилишича, мухолифатчини Россияда ўлдиришни исташганида ҳеч бир шифокор уни сақлаб қолиш учун ҳаракат қилмаган ва Омскка Германиядан келган самолёт қўнишига рухсат берилмаган бўларди.

Аввалроқ, Навальний “Der Spiegel” нашрига берган интервьюсида унинг заҳарланиши ортида Владимир Путин турганини айтганди.

Маълумот учун, мухолиф сиёсатчи Алексей Навальний жорий йилнинг 20 август куни самолётда Томскдан Москвага кетаётганда тоби қочиб, Омскдаги шифохонага ётқизилди. Унга нима бўлгани номаълум бўлиб турган вақтда, сиёсатчининг тарафдорлари Навальний заҳарланганини иддао қилди.

Улар Навальнийни Германияга олиб кетиш ҳаракатига тушганда Омскдаги шифокорлар бунга рухсат бермади. Орадан икки кун ўтиб эса, Навальнийни исталган шифохонага кўчириш мумкинлигини айтишди ва сиёсатчи Берлинга олиб кетилди. Бу ҳол ҳам мухолифатчи тарафдорларида шубҳа уйғотди ва ишга Кремль аралашгани гумон қилинди.

Германияда текширувдан ўтказилгач, у заҳарлангани маълум бўлди. ГФР Ҳукумати сиёсатчи асаб тизимини фалажловчи “Новичок” гуруҳига кирувчи модда билан заҳарланганини айтди. Германия канцлери Ангела Меркель Навальнийнинг заҳарланиши бўйича Россиядан ҳисоб сўради. Унинг талабини Франция, Буюк Британия ва АҚШ ҳам қўллади. Европа парламенти эса Навальний билан юз берган ҳолат бўйича санкциялар жорий қилиш ҳақида резолюцияни тасдиқлади.

14 сентябрь куни Навальний ўзига келди ва сунъий нафас олдириш аппаратидан узилди. Эртаси куни у заҳарланганидан кейинги илк суратини ижтимоий тармоққа жойлади.

Аҳамиятли томони, “The New York Times” газетасининг ГФР хавфсизлик хизматидаги манбасига асосланиб хабар беришича, Навальний Германияда қолмоқчи эмас. У соғайгач, Россияга қайтиб, ўз миссиясини давом эттириш ниятида

Немис нашрлари Навальнийнинг заҳарланиши ортида Россия разведкаси борлигини ёзмоқда. Шунингдек, “Reuters” агентлиги Навальнийнинг Омскдаги шифохонадан кетиши бевосита Кремль рухсат берганини маълум қилди. Агентлик Омскдаги шифохонага яқин манба билан суҳбатлашган. У шифокорларга тўғридан-тўғри Кремлдан қўнғироқ бўлганини айтган.

Навальнийнинг сафдошлари эса Томскда у қолган меҳмонхона хонасидан “Новичок”нинг изи бор сув идиши топган. Заҳарни Германия мутахассислари аниқлаган.

Бу орада Россия Навальний билан боғлиқ барча айбловларни рад қиляпти. Кремлдагилар унинг заҳарланганини ҳам ёлғон деб аташмоқда. Аксинча, РФ Ғарб давлатлари ва НАТО “Новичок” гуруҳига кирувчи заҳарли моддани тайёрлашга муваффақ бўлган деб, уларни айблади

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 186
Рейтинг: 3
t
×