Навальний заҳарланишида Путинни айблаяпти

Олам

image

Россиялик мухолиф сиёсатчи Алексей Навальний ўзининг заҳарланишида Россия Президенти Владимир Путинни шахсан алоқаси бор деб ҳисоблайди. Бу ҳақда "Meduza" хабар бермоқда.

"Бу жиноят ортида Путин турганини тасдиқлайман. Бўлиб ўтган воқеалар хусусида менда бошқача фикр ҳам йўқ", деган россиялик мухолифатчи. 

Шунингдек, Навальний Германиядаги даволаниш курсидан сўнг Россияга қайтишини ҳам таъкидлаган. 

"Ҳозирда менинг вазифам — қўрқмас ботир бўлиш. Ва мен қўрқмайман!", деган россиялик мухолиф сиёсатчи.

Маълумот учун, мухолиф сиёсатчи Алексей Навальний жорий йилнинг 20 август куни самолётда Томскдан Москвага кетаётганда тоби қочиб, Омскдаги шифохонага ётқизилди. Унга нима бўлгани номаълум бўлиб турган вақтда, сиёсатчининг тарафдорлари Навальний заҳарланганини иддао қилди.

Улар Навальнийни Германияга олиб кетиш ҳаракатига тушганда Омскдаги шифокорлар бунга рухсат бермади. Орадан икки кун ўтиб эса, Навальнийни исталган шифохонага кўчириш мумкинлигини айтишди ва сиёсатчи Берлинга олиб кетилди. Бу ҳол ҳам мухолифатчи тарафдорларида шубҳа уйғотди ва ишга Кремль аралашгани гумон қилинди.

Германияда текширувдан ўтказилгач, у заҳарлангани маълум бўлди. ГФР Ҳукумати сиёсатчи асаб тизимини фалажловчи “Новичок” гуруҳига кирувчи модда билан заҳарланганини айтди. Германия канцлери Ангела Меркель Навальнийнинг заҳарланиши бўйича Россиядан ҳисоб сўради. Унинг талабини Франция, Буюк Британия ва АҚШ ҳам қўллади. Европа парламенти эса Навальний билан юз берган ҳолат бўйича санкциялар жорий қилиш ҳақида резолюцияни тасдиқлади.

14 сентябрь куни Навальний ўзига келди ва сунъий нафас олдириш аппаратидан узилди. Эртаси куни у заҳарланганидан кейинги илк суратини ижтимоий тармоққа жойлади.

Аҳамиятли томони, “The New York Times” газетасининг ГФР хавфсизлик хизматидаги манбасига асосланиб хабар беришича, Навальний Германияда қолмоқчи эмас. У соғайгач, Россияга қайтиб, ўз миссиясини давом эттириш ниятида

Немис нашрлари Навальнийнинг заҳарланиши ортида Россия разведкаси борлигини ёзмоқда. Шунингдек, “Reuters” агентлиги Навальнийнинг Омскдаги шифохонадан кетиши бевосита Кремль рухсат берганини маълум қилди. Агентлик Омскдаги шифохонага яқин манба билан суҳбатлашган. У шифокорларга тўғридан-тўғри Кремлдан қўнғироқ бўлганини айтган.

Навальнийнинг сафдошлари эса Томскда у қолган меҳмонхона хонасидан “Новичок”нинг изи бор сув идиши топган. Заҳарни Германия мутахассислари аниқлаган.

Бу орада Россия Навальний билан боғлиқ барча айбловларни рад қиляпти. Кремлдагилар унинг заҳарланганини ҳам ёлғон деб аташмоқда. Аксинча, РФ Ғарб давлатлари ва НАТО “Новичок” гуруҳига кирувчи заҳарли моддани тайёрлашга муваффақ бўлган деб, уларни айблади


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

110

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made