Путинни яккалаш керак – Польша Бош вазири
Олам
−
19 Май 2022
8643Уруш ҳеч қачон муқаррар бўлмайди. Бу онгли қарорнинг натижаси ёки унинг йўқлиги. Шунинг учун, Украинада қонли урушни бошлаб берган Россия диктатори Владимир Путинни изоляция қилиш, “рус дунёси” мафкурасини енгиш ва йўқ қилиш керак. Бу ҳақда Польша Бош вазири Матеуш Моравецкий PISM Strategic Ark конференциясида айтиб ўтган.
Моравецкий, Мариуполдаги гекатомб ёки Бучадаги тинч аҳолининг ўлдирилиши барчани геосиёсий уйқудан уйғотиши ва уларни эски иллюзияларидан воз кечишга мажбур қилиши кераклигини таъкидлади. У халқаро майдонда Путиннинг “юзини сақлаб қолиш”га уринишлар бўлаётганига эътибор қаратди.
Қандай қилиб ҳатто шунга ўхшаш нарсани айтиш мумкин? Аслида бутунлай йўқолган нарсани “қутқариш” ёки “сақлаб қолиш” учун қандай ҳаракат қилиш мумкин?
Унинг фикрича, энди Россиядаги империализм ва тоталитаризм динамикасини яхши тушуниш учун асос бор.
Моравецкининг сўзларига кўра, Украинадаги урушнинг парадокси шундаки, “Агар Украина ғалаба қозонса, бу биринчи навбатда унинг ғалабаси бўлади”. “Аммо, агар у ютқазса, бу барчамизнинг мағлубияти ва биз билган дунёнинг охири бўлади”.
“Шунинг учун мен Россия Президентини изоляция қилишга чақираман, ҳа, дипломатия мулоқотни талаб қилади, лекин сиз террорчилар билан музокара олиб боролмайсиз”, дейди Польша Бош вазири.
Моравецкининг таъкидлашича, Россия Федерацияси билан урушда ғалаба қозонишнинг ўзи етарли эмас, ҳали Европада тинчликни сақлаб қолиш ҳам керак. Тинчликни сақлаб қолишнинг нархини Европа Иттифоқи ва НАТОдан ташқаридаги давлатлар ҳам тўлаши керак бўлади.
Эслатиб ўтамиз, Украина Президенти девони Макрондан ташқари, бир қатор европалик сиёсатчилар Путиннинг “обрўсини сақлаб қолиш” учун Украинага суверенитет бўйича ён беришни таклиф қилганини айтганди.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси