“Путин обрўсини сақлаши учун”. Европа раҳбарлари Украинани ён беришга чақиргани маълум бўлди
Олам
−
19 Май 2022
17870Европалик сиёсатчилар Украинани Кремль билан қарама-қаршиликда ҳудудий ён беришга чақирган. Шу тариқа Европа Россия билан одатий бизнес шароитига қайтишни ният қилган. Бу ҳақда Украина Президенти девони раҳбари ўринбосари Михаил Подоляк маълум қилди.
“Умуман олганда, нафақат жаноб Макроннинг, балки Европа сиёсий ҳамжамиятидаги баъзи одамларнинг бу баёнотлари бироз ғалати... Украина жамияти ҳеч қандай шаклда бундай талабларни қўллаб-қувватламаслиги аниқ. Иккинчидан, Россия Федерациясига ҳар қандай имтиёз Минск-3 ни ва мос равишда кечиктирилган урушни англатади. Бундай баёнотлар бераётган Европанинг сиёсий элитаси буни тушуниши керак. Ва биз била туриб ҳеч қандай шаклда бунга йўл қўймаймиз”, деган Подоляк.
Унинг сўзларига кўра, Россияга ҳар қандай ён бериш уни Украинага қарши бошқа даъво ва талабларни илгари суришга ундайди.
Подоляк Европа Россия билан бизнес юритишга қайтишни хоҳлаётганини тахмин қилган.
“Аммо менимча, буларнинг барчаси энди содир бўлмайди, чунки Россиянинг кенг миқёсдаги аниқ ҳарбий жиноятлари ҳужжатлаштирилган”, деди Подоляк.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 13 май куни Президент Владимир Зеленский Италиянинг “Rai 1” телеканалига берган интервьюсида Макрон ҳозирда Украинага қарши муваффақиятсиз ҳарбий ҳаракатлари билан мавжуд вазиятдан “Россия учун чиқиш йўли” излашга беҳуда уринаётганини айтди.
“Ва менга Президент Путиннинг обрўсини сақлаб қолиш учун суверенитетимиз бўйича ён бериш таклиф қилинди. Менимча, бу айрим раҳбарлар томонидан унчалик тўғри эмас”, деган Зеленский.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси