“Путинга кучли сигнал”. Украина хавфсизлиги кафолатлари ишлаб чиқилди

Олам

image

Украина Президенти девони раҳбари Андрей Ермак ва НАТОнинг собиқ Бош котиби Андерс Фог Расмуссен Киевда Украина етакчиси Владимир Зеленский номидан ишлаб чиқилган Украина учун хавфсизлик кафолатлари бўйича тавсияларни тақдим этди. Бу ҳақда бугун, 13 сентябрь куни Украина Президентининг расмий сайтида маълум қилинди.

Тавсияларда Украина ва кафил давлатларни бирлаштирадиган қўшма стратегик ҳамкорлик ҳужжати бўлган Киев Хавфсизлик шартномасини яратиш кўзда тутилган. Тавсиялар кўп босқичли ёндашувни назарда тутади. Иттифоқчиларнинг асосий гуруҳи Украина Қуролли Кучларини қўллаб-қувватлаш бўйича аниқ мажбуриятларни олиши кутилмоқда, кенгроқ гуруҳ эса санкциялар механизмлари асосида қурилган ноҳарбий кафолатларни тақдим этиши кутилмоқда.

АҚШ, Буюк Британия, Канада, Польша, Италия, Германия, Франция, Австралия, Туркия, Болтиқбўйи, Шимолий, Марказий ва Шарқий Европа давлатлари шартномада кафил сифатида иштирок этиши мумкин.

“Биз “Буни яна такрорлаймиз” шиори русларда ваҳима қўзғашига ва ёмон хотираларга олиб келишига ишонч ҳосил қилишимиз керак. Улар фақат “Бошқа ҳеч қачон” деб жавоб бериши учун. Бунинг учун бизга русларни қасос олиш истагидан қайтара оладиган даражада ва агар бу истак енгиб бўлмайдиган бўлиб чиқса, тажовузкорга ўнглаб бўлмас зарар етказишга қодир қудратли ҳарбий куч керак. Хавфсизлик кафолатлари бизга ушбу кучни яратишга ёрдам бериш учун ишлаб чиқилган”, дейди Ермак.

Ермакнинг сўзларига кўра, унинг жамоаси томонидан амалга оширилган ишлар “замонавий тарихда ҳеч қандай намунага эга эмас, худди ядровий давлат ва БМТ Хавфсизлик Кенгаши аъзосининг суверен Европа давлатига нисбатан тўлиқ миқёсли тажовузкорлиги каби”.

Украина учун хавфсизлик кафолатларининг моҳияти

Шартнома лойиҳасида, хусусан, қуйидаги кафолатлар қайд этилган. Аввало, бу БМТ Низомининг 51-моддасига мувофиқ тажовузкордан ҳимоя қилиш қобилиятидир. Бунинг учун Украина ҳарбий-саноат комплексига узоқ муддатли ва доимий сармоя киритиш, кенг кўламли қурол-яроғ ва иттифоқчилардан разведка маълумотларини етказиб бериш, Европа Иттифоқи ва НАТО ҳомийлигида ўқув миссиялари ва қўшма машғулотлар ўтказиш зарур, дея таъкидламоқда расмий Киев.

Иккинчидан, гап янги тажовузнинг олдини олиш учун ҳарбий, молиявий, инфратузилмавий, техник, ахборот характеридаги профилактика чоралари, шунингдек, Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига янги тажовуз содир этилган тақдирда кечиктирмасдан амалга оширилиши лозим бўлган чоралар ҳақида бормоқда.

Учинчидан, тажовузкор давлатга қарши тўлиқ санкциялар пакети кўзда тутилган. Украинага замонавий ҳаво мудофааси/ракета ҳужумига қарши мудофаа тизимларини етказиб бериш бўйича қўшимча келишувлар, шунингдек, Туркия, Руминия ва Болгария билан Қора денгизда хавфсизлик бўйича минтақавий келишувлар ҳам мумкин.

Расмуссен-Ермак гуруҳи тажовуз содир бўлган тақдирда, Украина илтимосига кўра, кафил давлатлар “жуда қисқа вақт ичида (масалан, 24 соат) маслаҳатлашувлар учун учрашиши ва кенгайтирилган кафолатларни фаоллаштириши керак бўлган тақдирда тезкор (масалан, 72 соат ичида) қарор қабул қилиш механизмини яратишни тавсия қиляпти.

Шу билан бирга, тавсияларда иттифоқчилар учун аниқ ҳарбий мажбуриятлар йўқ. Матнда фақат “дипломатик, иқтисодий ва ҳарбий воситалар – Украинага тажовузни тўхтатиш, суверенитетни тиклаш, ўз хавфсизлигини таъминлаш, ҳарбий устунлик ва душманларни тўхтатиш ва ўзини ҳар қандай таҳдиддан мустақил ҳимоя қилиш имкониятини бериш” кўзда тутилган.

Хавфсизлик кафолатлари Украинанинг НАТОга кириш истагининг ўрнини босмайди. Бу истак Украина Конституциясида мустаҳкамланган ва Киевнинг суверен қарори ҳисобланади. Бундан ташқари, Украина Европа Иттифоқига аъзо бўлишга интилмоқда.

"Тавсияларнинг қабул қилиниши Путинга кучли сигнал беради"

Ўз навбатида Андерс Фог Расмуссеннинг таъкидлашича, бундай кафолатларнинг қабул қилиниши иттифоқчиларнинг Украинага ўнлаб йиллар давомида содиқлигини талаб қилади. 

“Ушбу тавсияларнинг қабул қилиниши Владимир Путинга кучли сигнал беради. Бу “Украинага содиқлигимиз ларзага келмаслигини, унинг уруши бефойда эканлигини кўрсатади”, деб ишонади НАТО собиқ бош котиби.

Халқаро экспертлар гуруҳи тавсиялари тақдимотида Андерс Фог Расмуссен украиналиклар зарур ресурслар билан Россияни жанг майдонида мағлуб эта олишларини аллақачон намойиш этганликларини қўшимча қилди. У Украинанинг бу урушда ғалаба қозонишини бевосита устувор вазифа деб билади ва унинг раҳбарлигида ишлаб чиқилган тавсиялар келажакка қаратилган.

“Уруш тугагач, биз Россия ҳеч қачон Украинага бошқа бостириб кирмаслигига ишонч ҳосил қилишимиз керак. Бунинг энг яхши йўли Украина Россиянинг келажакдаги ҳар қандай ҳужумига дош бера оладиган муҳим ҳарбий кучга эга бўлишини таъминлашдир”, дейди Расмуссен.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

45

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг