Путин ва Зеленский юзма юз учрашиши мумкин
Олам
−
27 Июнь 2022
18189Россия Президенти Владимир Путин жорий йилнинг 15-20 ноябрь кунлари Индонезиянинг Бали оролида бўлиб ўтадиган G20 саммитида иштирок этади. Бу ҳақда бугун, 27 июнь куни журналистларга Россия Президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков маълум қилди.
“Ҳа, бизнинг иштирокимиз кўзда тутилганлигини тасдиқладик”, дейди у.
Шу билан бирга, Ушаков Путин саммитда “шахсан ёки видеоалоқа орқали иштирок этадими?”, деган саволга аниқ жавоб беришга қийналди.
"Билмайман, улар ҳали ҳам шахсан таклиф қилишмоқда, лекин ҳали кўп вақт бор, пандемия ушбу муҳим форумни шахсан ўтказишга имкон беради деб умид қиламан, аммо тахмин қилишдан қўрқаман”, дейди у.
Президент ёрдамчисининг қайд этишича, бу масала Индонезия Президенти Жоко Видодонинг 30 июнь куни Москвага ташрифи чоғида ҳам муҳокама қилинади.
“Биз таклиф учун миннатдорлик билдирдик, иштирок этишга қизиқишимизни айтдик. Ҳали кўп вақт бор, кўрамиз”, дея хулоса қилди Ушаков.
Маълумот учун, Украина Президенти Владимир Зеленский Индонезия ташқи сиёсат ҳамжамияти таҳлилий марказидаги чиқиши чоғида Индонезиянинг Бали оролида бўлиб ўтадиган G20 саммитида иштирок этишини маълум қилган эди.
Эслатиб ўтамиз, Украина Президенти Владимир Зеленский бир неча бор Путинни музокара қилишга чорлади, аммо Кремль ҳамон бу борада сукут сақлаяпти.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси