Путин, Шойгу ва Лавров... Зеленский Украина душманларига санкциялар жорий қилди

Олам 8921
image

Украина Президенти Владимир Зеленский Россия Президенти Владимир Путинга қарши санкциялар жорий қилди. У тегишли фармонни бугун, 9 июнь куни имзолаган.

Украина санкциялари рўйхатидан Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу, Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, Президент матбуот котиби Дмитрий Песков, Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев, Ички ишлар вазири Владимир Колоколцев ва Россия ҳукуматининг бошқа аъзолари ҳам жой олган.

Рўйхатга жами 35 киши, жумладан, Бош вазир Михаил Мишустин, Бош вазир ўринбосарлари Андрей Белоусов, Дмитрий Григоренко, Марат Хуснуллин, Дмитрий Чернишенко, Юрий Борисов, Виктория Абрамченко, Татьяна Голикова, Юрий Трутнев киритилган.

Украина Президенти яна бир фармон билан 261 нафар Россия олий ўқув юртлари ва таълим муассасалари, жумладан, Москва давлат университети ва МГИМО раҳбарларига нисбатан санкциялар қўллади. Бундан ташқари, Россиянинг 236 та университети санкциялар остида қолди.

Санкциялар чексиз муддатга жорий этилди, улар Украинадаги барча маблағлар ва активларни блокировка қилишни, шунингдек, битимлар тузиш ва мамлакатдаги ер ҳамда кўчмас мулкка эгалик қилишни тақиқлашни назарда тутади.

Февраль ойи охиридан бошлаб кўплаб давлатлар Россияга қарши санкцияларни жорий қилди. Путин, Лавров ва Шойгу, шунингдек, уларнинг яқинлари Европа Иттифоқи, Буюк Британия, АҚШ, Канада, Япония, Австралия ва Янги Зеландия томонидан санкциялар остида қолди. 

Шунингдек, кўплаб ҳукумат ва парламент аъзолари ва давлат оммавий ахборот воситалари билан алоқадор журналистларга ҳам чекловлар қўйилди. Россиялик ишбилармонлар, саноат ва тадқиқот компаниялари, авиаташувчилар ва банкларга нисбатан санкциялар жорий этилди.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 13
Рейтинг: 3.5
t
×