Путин Пашинян билан Қозоғистондаги вазиятни муҳокама қилди
Олам
−
12 Январь 2022
4863Россия Президенти Владимир Путин Арманистон Бош вазири Никол Пашинян билан телефон орқали мулоқот қилиб, Қозоғистондаги вазиятни муҳокама қилди. Бу ҳақда Кремль сайтидаги хабарда айтилади.
“Арманистоннинг Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига раислигини инобатга олган ҳолда, КХШТнинг Қозоғистондаги тинчликпарвар амалиётининг бориши юзасидан фикр алмашилди. Тинчликпарвар контингентнинг Республикадаги вазиятни нормаллаштиришга хизмат қилувчи самарали мувофиқлаштирилган ҳаракатлари қайд этилди”, дейилади хабарда.
Таъкидланишича, давлат раҳбарлари Тоғли Қорабоғ атрофидаги вазиятни ҳам муҳокама қилган.
Қозоғистонда намойишлар
Қозоғистонда норозилик акциялари янги йилнинг илк кунларидан бошланди. Жанаозен шаҳрида автомобиль эгалари суюлтирилган газ нархи 120 тенгега (қарийб 3 минг сўм) кўтарилганидан норози бўлиб, оммавий митингга чиқди. Тобора оловланган намойишлар ортидан Ҳукумат комиссияси Ақтау шаҳридаги “Ынтымак” майдонида намойишчилар билан учрашган. Учрашув давомида суюлтирилган газ нархини пасайтириш ва Манғистау вилоятида газ нархини литри учун 50 тенге этиб белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Музокара давомида томонлар барча юзага келаётган муаммоларни конструктив мулоқотнинг асосий оқимида ва амалдаги қонунчилик доирасида ҳал қилишга келишиб олган.
5 январь куни, шунингдек, Қозоғистоннинг амалдаги Ҳукумати истеъфо берди. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев Ҳукумат истеъфосини қабул қилди. Шунингдек, Қозоғистоннинг Биринчи Президенти - Элбоши Нурсултон Назарбоев Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимидан кетди. Унинг ўрнини Президент Тўқаев эгаллади.
Бу орада ижтимоий тармоқларда Назарбоев ва унинг оиласи мамлакатни тарк этгани, жияни Самат Абиш ҳибсга олингани ҳақида хабарлар тарқалди. Бироқ буларнинг ҳеч бири исботини топмади. Шундан сўнг, Элбошининг Матбуот котиби Айдос Укибай Назарбоев мамлакат пойтахтида бўлиб турганини маълум қилди.
Шунингдек, Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Карим Масимов лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнини Ермек Сагимбаев эгаллади.
Қозоғистонда бутун мамлакат бўйлаб 19 январгача фавқулодда ҳолат жорий этилди. Шунингдек, шу кунларда соат 23:00 дан 07:00 гача комендантлик соати амалда бўлади.
Президент Республика Сакен Исабековни давлат қўриқлаш хизмати раҳбари этиб тайинлаш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Тўқаев мамлакатдаги норозилик вазиятига Ҳукумат, хусусан, Энергетика вазирлиги, шунингдек, “Казмунайгаз” ва “Казакгаз” компанияларини айблади.
Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (ОДКБ) мамлакатга чекланган муддатга тинчликпарвар кучларни киритиш тўғрисида қарор қабул қилди.