Президент Қозоғистон Бош вазирини қабул қилди
Жамият
−
09 Ноябрь 2023
4050Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммитида иштирок этиш учун мамлакатда бўлиб турган Қозоғистон Республикаси Бош вазири Алихан Смаиловни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Учрашув аввалида Қозоғистон Бош вазири Ўзбекистон етакчисига Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаевнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказган.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари изчил ривожланиб бораётганини мамнуният билан қайд этган.
“Олий даражада эришилган, шу жумладан товар айирбошлашни ошириш, саноат кооперацияси ва логистика лойиҳаларини илгари суриш борасидаги келишувларнинг тўлиқ амалга оширилишига алоҳида эътибор қаратилди”, дейилади хабарда.
Суҳбат давомида қўшма Ҳукуматлараро комиссиянинг самарали ишини давом эттириш муҳим экани таъкидланган.
Эслатиб ўтамиз, шу пайтгача Шавкат Мирзиёев Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммитида иштирок этиш учун Тошкентда бўлиб турган бир қатор давлат ва ҳукумат раҳбарлари, жумладан, Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Анвар ул-Ҳақ Какар, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Эрон Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раисий, Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон, Туркманистон етакчиси Сердар Бердимуҳамедов ва Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев билан икки томонлама учрашувлар ўтказганди.
LiveБарчаси