Президент Покистон Бош вазири билан трансафғон темирйўли ҳақида гаплашди
Жамият
−
08 Ноябрь 2023
4048Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Анвар ул-Ҳақ Какар бошчилигидаги делегация билан музокара ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, бугун, 8 ноябрь куни Шавкат Мирзиёев Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) саммити тадбирлари доирасида Бош вазир Анвар ул-Ҳақ Какар бошчилигидаги Покистон Ислом Республикаси делегацияси билан музокара ўтказган.
Учрашувда икки томонлама ҳамкорликни, савдо-иқтисодиёт, инвестиция ва транспорт-коммуникация соҳаларини янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинган. Шунингдек, трансафғон темирйўлини қуриш лойиҳасини амалга ошириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган.
2024-2025 йилларга мўлжалланган Саноат кооперацияси дастурини қабул қилиш, ишбилармонлик алоқаларини ривожлантириш учун савдо тўсиқларини бартараф этиш ва қулай шароитлар яратиш муҳимлиги таъкидланган.
Музокара якунида минтақавий кун тартибидаги масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Бош котиби Хусрав Нозирийни қабул қилган эди.
LiveБарчаси