Мирзиёев Эрдўған билан стратегик шерикликни ривожлантиришни муҳокама қилди

Жамият

вр

Бугун, 8 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти 16-саммитида иштирок этиш учун Тошкентга келган Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған билан учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Айтилишича, суҳбат давомида Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш ва кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини ривожлантириш масалалари кўриб чиқилган.

“Ўзаро мулоқот ва алмашинувлар фаол давом эттирилаётгани мамнуният билан қайд этилди. Товар айирбошлаш ҳажми, тўғридан-тўғри авиақатновлар сони, сайёҳлар оқими ортиб бормоқда”, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, Ўзбекистонда Туркиянинг етакчи компаниялари иштирокида йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. Йил бошидан 500 миллион доллардан ортиқ тўғридан-тўғри сармоялар жалб қилинган, 200 дан зиёд янги корхоналар ташкил этилган.

“Савдо, саноат, инновациялар, энергетика, транспорт, таълим, маданият, туризм ва бошқа соҳалардаги қўшма лойиҳа ва дастурларни жадаллаштириш муҳимлиги таъкидланди”, дейилади матбуот хизмати хабарида.

Шунингдек, етакчилар бўлажак тадбирлар режаси, шу жумладан Ўзбекистон-Туркия Стратегик ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги йиғилишига тайёргарлик масаласини ҳам кўриб чиққан.

Давлат раҳбарлари минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашган.

Эслатиб ўтамиз, Ражаб Тойиб Эрдўған Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти 16-саммитида иштирок этиш учун рафиқаси Эмина Эрдўған билан бирга Ўзбекистонга келганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Туркия Ўзбекистон Ражаб Тойиб Эрдўған

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг