Мирзиёев Жапаров билан учрашув ўтказди
Жамият
−
08 Ноябрь 2023
3739Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ИҲТ саммитида иштирок этиш учун Тошкентда бўлиб турган Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, бугун, 8 ноябрь куни ташкил этилган учрашувда икки давлат раҳбари Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалаларини кўриб чиққан.
Ўзаро савдо ҳажми жадал суръатда ўсаётгани, саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва бошқа устувор йўналишларда кооперация лойиҳалари амалга оширилаётгани ҳамда тадбирларга бой маданий-гуманитар ҳамкорлик дастури рўёбга чиқарилаётгани қайд этилган.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Қирғизистон етакчилари олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш муҳимлигини таъкидлаган. Давлат раҳбарлари Марказий Осиё минтақасидаги йирик инфратузилма лойиҳаларини тез фурсатда бошлаш масалаларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Бош котиби Хусрав Нозирийни қабул қилган эди. Мирзиёев бундан ташқари, Бош вазир Анвар ул-Ҳақ Какар бошчилигидаги Покистон Ислом Республикаси делегацияси билан ҳам музокара ўтказганди.
LiveБарчаси