ЕИ Украинага қачонгача қурол етказиб бериши маълум бўлди

Олам

image

Европа Иттифоқи Киевга зарур бўлган вақтгача қурол етказиб беришни давом эттириш ниятида. Бу ҳақда бугун, 16 август куни куни ички бозор бўйича Европа комиссари Тьерри Бретон Франциянинг “France Info” радиоси эфирида маълум қилди.

“Биз Украинага зарур бўлган вақтгача ҳарбий юкларни етказиб беришда давом этамиз. Биз Киевни қурол-яроғ билан таъминлаш ниятидамиз, шунингдек фуқаролик мудофааси учун ҳам воситалар етказиб берармиз”, дейди у.

Шу билан бирга, Европа комиссари ЕИ ўз эҳтиёжлари учун қурол ишлаб чиқаришни кенгайтириши кераклигига тўхталиб ўтган. 

“Геосиёсий вазиятнинг ривожланишини инобатга олган ҳолда, биз ўз автономиямизни, жумладан, мудофаа соҳасида ҳам мустаҳкамлашимиз керак”, дейди Тьерри Бретон.

Унинг сўзларига кўра, Европа “биринчи марта қурол-яроғ яратишга бунчалик катта маблағ ажратади”. 

“Евроиттифоқ мамлакатларига янги танклар, дронлар ва кемалар яратиш бўйича илмий-тадқиқот ишларини олиб боришда ёрдам бериш учун 7 миллиард евро ажратилади. Биз бу ишни аллақачон биргаликда бошлаганмиз, энди эса биргаликда ҳарбий техника сотиб олишни режалаштирмоқдамиз”, дейди у.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

32

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг