Пашинян Минскдаги КХШТ йиғилишига бормайди
Олам
−
14 Ноябрь 2023
4155Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Беларусь фуқароси Александр Лукашенкога телефон орқали 23 ноябрь куни Минскда бўлиб ўтадиган КХШТ йиғилишида қатнашмаслигини маълум қилди. Бу ҳақда Арманистон Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати хабар берди.
“Беларусь томонининг ташаббуси билан Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Александр Лукашенко билан телефон орқали мулоқот қилди. Унда 23 ноябрь куни Минскда бўлиб ўтадиган КХШТ Кенгаши мажлисини ташкил этиш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди. Бош вазир Пашинян Лукашенкога учрашувда қатнаша олмаслигини маълум қилди ва КХШТ бўйича ҳамкорлар бу қарорни тушунишига умид билдирди”, дейилади хабарда.
Қайд этиш жоизки, Пашинян ва Арманистон ТИВ вакиллари Ереван ҳозирда КХШТдан чиқиш имкониятини муҳокама қилмаётганини бир неча бор таъкидлаган. Бироқ Арманистон вакиллари сўнгги ойларда ташкилот тадбирларида қатнашмаяпти. Арманистон КХШТдаги элчисини ҳам чақириб олган ва дипломатик миссияга янги раҳбар тайинламаган.
Маълумот учун, КХШТнинг вазифаси қўшин ва ёрдамчи бўлинмаларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари билан шартномада иштирок этадиган мамлакатларнинг ҳудудий-иқтисодий маконини ҳар қандай ташқи ҳарбий ва сиёсий тажовузкорлардан, халқаро террорчилардан, шунингдек кенг кўламли табиий офатлардан ҳимоя қилишдан иборат. Бугунги кунда ушбу ташкилотга 6 давлат: Россия, Беларусь, Арманистон, Тожикистон, Қозоғистон ва Қирғизистон аъзо.
Эслатиб ўтамиз, сентябрь ойида Беларусда бўлиб ўтган КХШТ жамоавий кучларининг “Жанговар биродарлик-2023” оператив-стратегик машғулотларида ҳам, октябрда Қирғизистоннинг Иссиқкўл вилоятида бўлиб ўтган “Бузилмас биродарлик – 2023” қўшма машғулотларида ҳам Арманистон қатнашмаган.
LiveБарчаси