Беларусда КХШТнинг стратегик машғулотлари бошланди

Олам

image

Беларусда Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти (КХШТ) жамоавий кучларининг “Жанговар биродарлик-2023” оператив-стратегик машғулотлари бошланди. Бу ҳақда “Белта” хабар берди.

Бугун, 1 сентябрь куни Брест қалъасида КХШТ ўқув машғулотларининг очилиш маросими бўлиб ўтган. Унда КХШТ Бош котиби Имангали Тасмагамбетов, КХШТ Бирлашган штаб бошлиғи генерал-полковник Анатолий Сидоров, Беларусь Қуролли Кучлари Бош штаб бошлиғи генерал-майор Виктор Гулевич иштирок этган. 

Машғулотлар Беларусь ҳудудида биринчи сентябрдан 6 сентябргача ўтказилади. Тадбирлар олтита ҳарбий полигон – Брест, Домановский, Обуз-Лесновский (Брест вилояти), Гожский, Чепелево (Гродно вилояти) ва Лесишче (Минск вилояти)да ўтказилиши режалаштирилган.

Умуман олганда, бешта қўшма ва махсус машқлар режалаштирилган. “Жанговар биродарлик – 2023” манёврларининг асосий мақсади қўшма операцияларга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш жараёнида қўмондонлик ҳамда назорат органлари ишини мувофиқлаштириш ва уйғунликни такомиллаштиришдан иборат.

Маълум қилинишича, машғулотларда жами 2,5 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчи ва 500 дан ортиқ қурол-яроғ, ҳарбий ва махсус техника иштирок этади.

Литва ва Польша чегаралари яқинида КХШТ машғулотларининг ўтказилиши Ғарбда хавотир уйғотган. Беларусь фуқароси Александр Лукашенко Ғарб уларни қандайдир махсус сигнал деб ҳисобламаслиги кераклигини айтган. Шунингдек, Лукашенко Минск қўшни давлатларни Беларусь ҳудудида машғулотлар ўтказиш ҳақида олдиндан огоҳлантирганини бир неча бор таъкидлаган.

Август ойи охирида Беларусь Мудофаа вазирлигининг халқаро ҳарбий ҳамкорлик бўлими бошлиғи Валерий Ревенко Минск 2011 йилда ишонч ва хавфсизликни мустаҳкамлаш чора-тадбирлари бўйича Вена ҳужжати доирасида ЕХҲТга аъзо давлатларни яқинлашиб келаётган машқлардан хабардор қилганини айтган.

Шу кунгача Литва ва Польша ўз кузатувчиларини “Жанговар биродарлик 2023”га юбориш таклифига жавоб бермаган. Ўз навбатида, КХШТ кузатувчи сифатида ташкилотга аъзо бўлмаган давлатлар: Эрон, Хитой, Мўғулистон ва Саудия Арабистони вакилларини таклиф қилган.

Маълумот учун, “Жанговар биродарлик” туркумидаги илк машғулотлар 2017 йил октябрь ойида Россия, Арманистон ва Қозоғистон ҳудудида бўлиб ўтган. КХШТнинг бу галги машғулотларида Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон ҳарбийлари иштирок этади. Ташкилотга аъзо Арманистон ҳарбийлари эса машғулотларда қатнашмайди.


Мақола муаллифи

Теглар

Беларусь КХШТ Жанговар биродарлик

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг