“Озодликни ўчириб ташлайдиган бомбалар йўқ”. Зеленский халқига мурожаат йўллади

Олам 4728
image

Озодликни ўчириб ташлайдиган бомбалар йўқ, ўзига ишонган халқнинг иродасини синдирадиган ракеталар ҳам бўлмайди. Бу ҳақда Украина Президенти Владимир Зеленский мамлакат Мустақиллигининг 31 йиллиги муносабати халқига йўллаган мурожаатида айтиб ўтган. 

“Ҳурматли украиналиклар!

Украина Мустақиллик куни ниҳоясига етмоқда. Лекин мустақиллигимиз тугамади ва тугамайди ҳам. Мустақиллигимизнинг 32-чи, 33-йиллари ва умуман Ерда ҳаёт қанча давом этса шунча бўлади. Украина – абадий. Ва ҳар куни фақат кучлироқ бўлади. Ва буни дунёдаги ҳамма тушуняпти – Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Хавфсизлик Кенгашидан тортиб, истисносиз барча пойтахтларгача.

Шунинг учун биз ўз йўлимиздан чекинмаймиз, курашамиз, бизни қўллаб-қувватлаётган барчага миннатдорлик билдирамиз, давлатимиз учун ғамхўрлик қиламиз, бирдамлигимизни – олти ой давомида ҳар куни бўлганидек бирдамлигимизни сақлаб қоламиз. Ва ҳеч қандай душман бизни мағлуб эта олмайди. Озодликни ўчириб ташлайдиган бомбалар йўқ, ўзига ишонган халқнинг иродасини синдирадиган ракеталар ҳам бўлмайди.

Чаплино бизнинг бугунги дардимиз. Шу тариқа – 22 киши ҳалок бўлди, улардан беш нафари машинада ёнди, ўсмир вафот этди, у 11 ёшда эди, рус ракетаси унинг уйини вайрон қилди.

Темир йўл вокзалида қидирув-қутқарув ишлари давом этади. Биз, албатта, босқинчиларни қилган барча ишлари учун жавоб берамиз. Босқинчиларни юртимиздан қувиб чиқарамиз. Бизнинг эркин Украинада бу ёвузликдан биронта ҳам доғ қолмайди. Келинг, ғалаба сари борайлик! У бўлади!”, дейди Зеленский мурожаатда.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 24 август куни Россия Украинанинг Днепропетровск вилоятидаги Чаплино вокзалига ракета ҳужуми уюштирди. Оқибатда ҳозиргача 22 киши қурбон бўлди. Шунингдек, 50 га яқин одам жароҳатланган. Қурбонлар орасида шунингдек, 6 яшар бола ҳам бор.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

Диёра Абдураҳмoнова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 7
Рейтинг: 3.1
t
×