Озарбайжон ва Арманистон бир-бирини яна сулҳни бузишда айблади

Олам 2610
image

Тоғли Қорабоғдаги янги сулҳ ҳам аввалгилари тақдирини такрорлаяпти. Дастлаб ўт очишни тўхтатиш режими кучга кирганидан кўп ўтмай Озарбайжон Мудофаа вазирлиги Арманистон Қуролли кучлари яна ҳужум қилганини эълон қилди.

“26 октярь куни соат 8:05 да Арманистон Қуролли кучлари янги ўт очишни тўхтатиш режимини бузиб, Лочин шаҳри йўналишида Озарбайжон  армиясининг Лочин туманидаги Сафиян қишлоғидаги бўлинмасига артиллериядан ҳужум қилди”, дейилади вазирлик хабарида.

Арманистон бу айбловни рад қилди. Орадан маълум вақт ўтгач эса Арманистон Мудофаа вазирлиги Матбуот котиби Шушан Степанян Озарбайжонни Қорабоғдаги сулҳни бузишда айблади.

“Озарбайжон томони АҚШда эришилган сулҳни қўпол равишда бузган ҳолда соат 8:45 да Арцах (тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикасининг армияси) позицияларига артиллериядан ҳужум қилди”, деган Степанян.

Аввалроқ, АҚШ Давлат департаменти Арманистон ва Озарбайжон Тоғли Қорабоғ масаласида сулҳ тузгани ва у соат 8:00 дан кучга кирганини эълон қилганди.

Маълумот учун, Озарбайжон ва Арманистон Россия воситачилигида сулҳга эришганди. Аммо бу сулҳнинг умри бир неча соат давом этди. Кейинроқ, томонлар яна ўт очишни тўхтатишга қарор қилди. Бу сафар ҳам режим узоққа бормади.

Расмий Бакуга кўра, Арманистон Қуролли Кучлари жорий йилнинг 27 сентябрь куни соат 06:00 дан бошлаб Озарбайжонга қарши кенг кўламли провокацияларни амалга оширди, бутун фронт бўйлаб Озарбайжон армиясининг позицияларини, шунингдек, олдинги чизиқ зонасида жойлашган аҳоли пунктларини ўққа тутди.

Арманистон ҳужум Озарбайжон қуролли кучлари томонидан бошланганини айтмоқда. Озарбайжон эса қуролли тўқнашувга нисбатан жавоб ҳужумлари бошлаганини расман эълон қилиб, Арманистон чегарасидаги тинч аҳоли вакилларини чегара ҳудудларидан четга чиқишларини сўради.

Ҳолат бўйича Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев халққа мурожаат билан чиқиб, тўқнашув Озарбайжоннинг провокацияси эмаслигини айтди.

Никол Пашинян эса мамлакатда ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарлик эълон қилди.  Бунинг ортидан Илҳом Алиев мамлакатда ҳарбий ҳолат ва комендантлик соати эълон қилиш ҳақидаги фармонга имзо чекди. Шунингдек, Алиев 28 сентябрь куни қисман сафарбарлик эълон қилиш ҳақидаги ҳужжатни имзолади

Озарбайжон ва Арманистон ўртасида кескинлик авж олгандан кейин Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров икки мамлакат Ташқи ишлар вазирлари билан телефон орқали мулоқот қилиб, уларни музокаралар столига қайтишга чақирган эди. Президент Владимир Путин эса Никол Пашинян билан мулоқот қилиб, масалани тинч йўл билан ҳал этишни тавсия қилди. Бу орада Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев асосий куч ва дастакни Туркия Республикасидан олаётгани маълум бўлди. Шу куни Туркия ва Озарбайжон Президентлари телефон орқали мулоқот қилдилар ва Эрдўған турк халқи ва давлати Озарбайжонни бор имконияти билан қўллаб-қувватлашини эслатди

Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги Тоғли Қорабоғ можароли зонасидаги вазият кўп жиҳатдан Россияга боғлиқ. Россия Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси, шунингдек Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Минск гуруҳининг ҳамраиси. 1 октябрь куни гуруҳ ҳамраислари – АҚШ, Россия ва Франция Тоғли Қорабоғ масаласида қўшма баёнот эълон қилдилар

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 18
Рейтинг: 3.2
t
×