Омон қолишни истаган рус аскарлари учун қочиш пайти келди – Зеленский
Олам
−
30 Август 2022
17274Омон қолишни истаган Россия ҳарбийлари учун қочиш вақти келди. Бу ҳақда Украина Президенти Владимир Зеленский айтиб ўтди. У уруш давом этар экан, мамлакатдаги ҳеч бир расмий режаларни эълон қилмаслигини таъкидлади.
“Ким бизнинг режаларимизни билишни хоҳлайди? Ҳақиқатан ҳам масъулиятли шахсдан ҳеч қандай аниқ маълумотларни эшитмайсиз. Чунки бу уруш. Урушда шундай. Аммо босқинчилар билишлари керак: биз уларни чегарагача ҳайдаб чиқарамиз. Агар улар омон қолишни истаса, Россия армиясининг югуриш вақти келди”, дейди Зеленский кеча, 29 августдаги видеомурожаатида.
Давлат раҳбари россиялик ҳарбийларни таслим бўлишга чақирди ва Женева конвенцияларининг барча нормаларига риоя этилишини кафолатлади.
“Уйга кетинг. Агар сиз Россиядаги уйингизга қайтишдан қўрқсангиз, таслим бўлинг ва биз уларга Женева конвенцияларининг барча меъёрлари бажарилишини кафолатлаймиз. Агар улар мени эшитмасалар, бизнинг ҳимоячиларимиз билан иш битиришади, улар Украинага тегишли ҳамма нарсани озод қилмагунча тўхтамайдилар”, дейди Президент.
Зеленский “бу алоҳида нарса эмас. Бу кутилмаганда бошланган нарса эмас. Биз бу ҳақда 187 кундан бери гапирамиз”, дейди.
Украина раҳбари, шунингдек, душанба куни ҳарбийлар, ҳарбий-саноат сектори вакиллари билан учрашувлар ўтказганини айтди.
“Муҳим учрашувлар, муҳим мавзулар, лекин буни овоз чиқариб айтиш нотўғри. Ҳимоячиларимиз душманнинг моддий-техник таъминоти, базалари, қўмондонлик марказларини йўқ қилганда натижани ҳамма кўради. Биз буни давом эттирамиз”, дейди у.
Эслатиб ўтамиз, Украина жанубий йўналишда қарши ҳужумга ўтди. Украин ҳарбийлари Херсон вилоятида Россиянинг дастлабки мудофаа чизиғини ёриб ўтгани айтилмоқда.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси