Украина жанубда қарши ҳужум бошлади
Олам
−
30 Август 2022
15289Украина Қуролли Кучлари (УҚК) мамлакат жанубидаги бир қатор ҳудудларда ҳужум бошлади. Бу ҳақда “Жануб” хавфсизлик ва мудофаа кучлари қўшма матбуот маркази раҳбари Наталья Гуменюк маълум қилди. У кеча, 29 август куни Херсон вилоятида ҳам ҳужум амалиётлари олиб борилаётганини таъкидлади.
Ўз навбатида, “Каховка” тезкор гуруҳи Украина қўшинлари Херсон вилоятида Россия Қуролли Кучларининг биринчи мудофаа чизиғини ёриб ўтгани ҳақида хабар берди. Украина ҳужуми натижасида ўзини “Донецк халқ республикаси” деб эълон қилган 109-полк ва россиялик десантчилар аввал эгаллаб турган позицияларини тарк этишди, дейилади Каховка тарқатган видеода.
Россия ҳарбий комиссари Роман Сапонков Херсон ва Николаев вилоятлари чегарасида, Херсондан 100 километр узоқликда жойлашган Давидов Брод қишлоғи ҳудудига ташриф буюрганини айтди.
“Душман ҳужум қилиб, ҳимоямизни “тишламоқда”... Афтидан, ҳаммаси жиддий бошлангандек. Зарбанинг асосий йўналиши қаерда экани ҳали аниқ эмас”, деб ёзган у Telegram-каналида.
Айни пайтда, Россия томонидан аннексия қилинган Қримда улар Украина Қуролли Кучларининг Украина жанубида ҳужум бошлангани ҳақидаги баёнотини рад этишди. Қрим “бошлиғи” Сергей Аксенов бу баёнотлар сохта эканлигини даъво қилмоқда.
Россия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, Украина Қуролли Кучлари кеча Николаев ва Херсон вилоятларида учта фронтда ҳужуми “муваффақиятсиз” якунланган. Украина 560 дан ортиқ аскарини йўқотгани айтилмоқда.
Украина Қуролли Кучлари Бош штаби кечки ҳужум ҳақидаги ҳисоботида ҳеч нарса маълум қилмади.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь