Оқ уй 500 нафар россиялик амалдорга чеклов жорий қилди
Олам
−
27 Июнь 2022
4543Америка Қўшма Штатлари Украинадаги уруш сабаб 500 га яқин россиялик амалдорга виза чекловлари жорий қилади. Бу ҳақда Оқ уйнинг расмий сайтида маълум қилинди.
“Давлат Украинанинг суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ёки сиёсий мустақиллигига таҳдид қилгани, поймол қилган, Россиядаги норозиликни бостиргани учун 500 га яқин амалдорга нисбатан виза чекловлари жорий қилади”, дейилади Оқ уй баёнотида.
Вашингтон вакилларига кўра, айнан кимлар чекловлар остида қолиши ҳақидаги қарорни “Катта еттилик” мамлакатлари қабул қилади. Қайд этилишича, санкциялар “инсон ҳуқуқларининг бузилиши, жумладан, уруш жиноятлари ва Россиянинг Украина ғалласини ўғирлаш тактикасига алоқадорлиги ёки урушдан бошқа йўл билан ноқонуний фойда олиш учун жавобгар бўлган” шахсларга тааллуқлидир.
Чекловлар АҚШ Молия вазирлиги ва АҚШ Давлат департаменти томонидан ўрнатилади. Шундай қилиб, улар Украинада фаолият юритаётган хусусий ҳарбий компаниялар, шунингдек, инсон ҳуқуқлари ёки халқаро гуманитар ҳуқуқни бузишда иштирок этган Россия ҳарбий қисмларига нисбатан блокировка қилувчи санкцияларни қўллайди. Бундан ташқари, Россия қўшинлари босиб олган шаҳарларда юқори лавозимларни эгаллаган мансабдор шахсларга нисбатан чоралар кўрилади.
Бундан ташқари, АҚШ Россия учун тахминан 2,3 миллиард долларлик 570 дан ортиқ рус товарлари гуруҳига божларни оширади.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.