Нехаммер Путинни қаттиқ огоҳлантирди
Олам
−
11 Апрель 2022
42408Украинада одамлар ўлишда давом этаркан, Россияга нисбатан санкциялар ҳам тўхтамайди. Бу ҳақда Австрия канцлери Карл Нехаммер бугун, 11 апрель куни Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан учрашувда сўз очган.
Учрашув Россия давлат раҳбарининг Москвадаги Ново-Огарёво қароргоҳида, ёпиқ эшиклар ортида бўлиб ўтган.
Бу Нехаммер ўтган йил охирида лавозимга киришганидан бери икки давлат раҳбарлари ўртасидаги илк мулоқот бўлди. Австрия канцлери, шунингдек, 24 февраль куни Россиянинг Украинага ҳарбий ҳужуми бошланганидан бери Европа Иттифоқига аъзо давлатларнинг Россияга ташриф буюрган биринчи раҳбари бўлди.
Россия Президентининг Матбуот котиби Дмитрий Песковга кўра, учрашувда асосий мавзу Украина атрофидаги вазият бўлган, бироқ, бошқа томондан газ масалалари ҳам муҳокама қилинган. Песковнинг қайд этишича, бу мавзу Австрия томони учун жуда долзарб.
Канцлер Путин билан бўлиб ўтган музокаралардан сўнг суҳбат жуда қаттиқ ва очиқ бўлганини очиқлади. Нехаммер ўз баёнотида айтганидек, “бу дўстона ташриф эмас эди”.
“Менинг Путинга энг муҳим хабарим шу бўлдики, бу уруш ниҳоят тугаши керак, чунки урушнинг ҳар икки томонида ҳам мағлуб бўлганлар бор.
Канцлер [Украинанинг] Буча шаҳрида ва бошқа жойларда оғир ҳарбий жиноятларда иштирок этганлар жавобгарликка тортилиши керак, деган фикрни қатъият билан илгари сурган.
“Шунингдек, мен Президент Путинга Украинада одамлар ҳалок бўлар экан, Россияга қарши санкциялар давом этишини ва кучайтирилишини аниқ айтдим”, дея қўшимча қилди Нехаммер.
Бундан олдин Нехаммер Киевда Украина Президенти Владимир Зеленский билан музокаралар ўтказганди.
Аввалроқ Нехаммер ўзининг Twitter саҳифасида Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен, Европа кенгаши раҳбари Шарль Мишель, Германия канцлери Олаф Шольц, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ва Украина етакчиси Владимир Зеленскийни Путин билан учрашиш ташаббуси ҳақида хабардор қилганини ёзган эди. Унинг сўзларига кўра, Австрия ҳарбий жиҳатдан бетараф, аммо Россиянинг Украинадаги ҳаракатларига нисбатан аниқ позицияга эга.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15