Миллий хавфсизлик Чўлпон-Ота шаҳри “смотрящий”сини ушлади
Олам
−
11 Январь
20818Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари Чўлпон-Ота шаҳри “смотрящий”си деб аталадиган шахс – марҳум криминал авторитет Коля Қирғиз (Қамчи Кўлбоев) уюшган жиноий гуруҳи аъзосини қўлга олди. Бу ҳақда қўмита матбуот маркази хабар берди.
Аниқлик киритилишича, давлат раҳбарининг инвесторларни ҳимоя қилиш ва қулай инвестиция муҳитини яратиш сиёсатини амалга оширишни қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар доирасида Коля Қирғиз (Қамчи Кўлбоев) раҳнамолигида россиялик инвесторларнинг йирик пул маблағларини фирибгарлик йўли билан ўзлаштириб, ўғирлаб кетган шахсларга оид маълумотлар олинган.
Жумладан, жиноят иши доирасида Иссиқкўл вилояти ҳудудида Қамчи Кўлбоевнинг уюшган жиноий гуруҳи аъзоси, “қонундаги ўғри”нинг жиноий алоқаларидан фойдаланиб, жисмоний зўравонлик қўллаш билан таҳдид қилиб, “Новел” меҳмонхонасидаги бир нечта коттежларни эгаллаб олганлиги маълум қилинган.
Уюшган жиноий гуруҳнинг 1987 йилда туғилган фаол аъзоси, Чўлпон-Ота “смотрящий”си деб аталувчи шахс аниқланган. У Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси томонидан жорий йилнинг 10 январь куни қўлга олиниб, ҳибсланган.
Ҳозирда тегишли тергов-тезкор тадбирлари давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ташиев бундан аввал криминал авторитет Қамчибек Кўлбоев (Қамчибек Асанбек) ўлими ортидан ким бош кўтарса, ўша бошни чопишини, мамлакатда жиноятчиликка қарши қатъий кураш бошланганини айтган эди. Коля Қирғиз номи билан танилган халқаро жиноятчи Бишкекда қўлга олинаётганда мамлакат Миллий хавфсизлик ходимлари томонидан отиб ўлдирилганди. Шундан сўнг, Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев Тўқмоқ шаҳрида қўмитанинг янги биноси очилишида қатнашиб, жиноятчиларга қарата “биттаси бош кўтарса, ўша бошни чопиши”ни айтганди. Шундан сўнг Қамчибек Қўлбоев ва Божхона хизмати раҳбарининг собиқ ўринбосари Райимбек Матраимов бошчилигидаги уюшган жиноий гуруҳга алоқадор 180 дан ортиқ мансабдор лавозимидан бўшатилди. Қирғизистонлик таниқли тадбиркор, Марказий универмаг (СУМ) раҳбари Анвар Габбазов (ҳозирги Маметов) халқаро қидирувга берилди. “Коля Қирғиз”га алоқадорликда гумонланиб, “Иттипак” уйғур диаспораси етакчиси ва Бишкекдаги “Мадина” бозори асосчиси Турсунтой Салимов ҳибсга олинди, унинг ўғли Илшат эса қидирувга берилди. Қирғизистон Жогорку Кенеш (парламент)ининг собиқ депутати Борис Саннинг ўғли Александр Сан ҳам қўлга олинди.
LiveБарчаси