“Биттаси бош кўтарса, ўша бошни чопамиз”. “Коля Қирғиз”нинг гуруҳи огоҳлантирилди
Олам
−
06 Октябрь 2023
17521Аввалроқ қирғизистонлик криминал авторитет Қамчибек Кўлбоев (Қамчибек Асанбек) Бишкекда қўлга олинаётганда мамлакат Миллий хавфсизлик ходимлари томонидан ўлдирилганди. Шундан сўнг, Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев Тўқмоқ шаҳрида қўмитанинг янги биноси очилишида қатнашиб, жиноятчиларга навбатдаги мурожаат билан чиқди.
Қайд этилишича, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари мурожаатида бу кураш давом этишини айтиб, Кўлбоев атрофидаги одамларни тилга олган.
“Мен криминал авторитет қуршовида бўлганларнинг барчасига мурожаат қиламан. Агар кимдир қонунни бузишга уринса, қонунга мувофиқ жазоланади. Ва у қаттиқ жазо олади. Агар битта жиноятчи ҳам бошини кўтарса, ўша бошни кесиб ташлаймиз. Мен буни очиқ айтаман. Шундай экан, яна бир бор эслатиб ўтаман. Агар криминал авторитетнинг атрофидан кимдир қонунни бузишга уринса, биз уни қонун доирасида қаттиқ жазолаймиз”, дейди Ташиев.
Унинг қўшимча қилишича, Президент бошчилигидаги жамоа қонунчиликни қарор топтиришда қатъий.
“Садир Нургожоевич раҳбарлигидаги сиёсий жамоада мамлакатда қонунчиликни қарор топтириш, тартибни тиклаш учун барча сиёсий ирода бор. Биз буни амалга оширамиз. Ким давлат қонунларига бўйсунмаса, ўз қонуни, схемаси, тартибини ўйлаб топса, қонун доирасида жазоланади”, дейди Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари.
Қамчибек Асанбек Қирғизистон ва МДҲдаги энг нуфузли “ворзакон”лардан биридир. Тахаллуси – “Коля Қирғиз”.
У наркотик бизнеси, қурол-яроғ савдоси, товламачилик, қора кўчмас мулк, талончилик, автомашина ўғирлаш, бандитизм, пул ювиш, давлат мулкини ўғирлаш ва буюртма асосида қотиллик қилиш билан шуғулланган. У Қирғизистондаги миллионерлардан бири эди. 2020 йилдан бери Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси криминал авторитетни бир неча бор ҳибсга олган. “24кг” нашри хабарига кўра, 2023 йилнинг августида Қамчибек Кўлбоевга нисбатан жиноят иши даъво муддати ўтгани сабабли тугатилган.
Криминал авторитет Қамчибек Асанбек Қозоғистонда трансмиллий жиноий ташкилот тузишда гумон қилинган.
LiveБарчаси